АИ-92 бензин нархлари пасаймаган, аксинча, 9,4 фоизга ошган

18:30 | 8 дақиқада ўқилади.

АИ-92 бензини нархи арзонлашгани хабар қилинган эди. Бироқ нархлар ўтган йилга нисбатан 9,4 фоизга ошгани маълум бўлди. Бу Марказий Осиёдаги энг баланд нархлардан бири.

Benzin narxi

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи АИ-92 маркали бензиннинг улгуржи нархларини қарийб 2 фоизга пасайтиргани ҳақида маълум қилди. Унга кўра, «Ўзбекнефтегаз» бензиннинг бир тоннаси нархини 12 млн 881 минг сўмдан 12 млн 628 минг сўмга туширган. Аммо аввалги рақамлар буни рад этмоқда.

 

«Аслида бензин нархи қимматлашди»

«Ўзбекнефтгаз» 2024 йилнинг 18 октябрида АИ-92 бензини 11 млн 538 минг сўмдан сотилишини эълон қилган. Ўтган 9 ой давомида эса биржага чиқарилаётган бензин нархи ўзгаргани борасида ҳеч қандай маълумот бермаган.

Агар 2024 йилги маълумотга таянадиган бўлсак, бензин нархи 11 млн 538 минг сўмдан 12 млн 628 минг сўмгача ошган. Аниқроги, нархлар қарийб 9,4 фоизга кўтарилди.

Uzex

«Ўтган ҳафта давомида биржада 92 бензин нархлари аввалги рекордларни янгилаб, тоннасига 13 млн 66 минг сўмга чиққан. Яъни охирги кунларда биржада 92 бензин арзонлашиш ўрнига, янги рекордларни ураяпти», — деб  ёзмоқда иқтисодчи Отабек Бакиров.

8 август кунги савдо якунлари бўйича 92 бензин нархи тоннасига 278,5 минг сўмга қимматлаб 13 млн 314 минг сўмдан ошган. Бу мутлақо янги рекорд, аввалги рекорд эса 2 кун олдин ўрнатилган эди.

Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» хабарида 1 литр нархи АИ-92 бензини 9 минг 400 сўм бўлгани айтилади. Бироқ иқтисодчи Бакиров бунинг манипуляция эканлигини ёзган.

Таъкидлашича, 1 тонна 92 бензинни литрга айлантиришда 0,744 коэффициент қўлланган, аммо бензин биржада литрлаб эмас, тонналаб сотилади. Биржада талаб юқори бўлганда нарх ошиб, ўртача 5 фоиз тафовут пайдо бўлади. Бу қўшимча фойда ҳам «Ўзбекнефтгаз» чўнтагида қолади. Шунингдек, бензинни база ёки омбордан АЁҚШгача олиб келиш харажатлари, ҳар литрига 471 сўм истеъмол солиғи қўшилади. АЁҚШлар ҳам ўз маржасини қўйгандан сўнг, 92 бензиннинг чегара нархи энг яхши ҳолатда ҳам 10 минг 600 сўмга чиқади, деб ёзади у.

Иқтисодчи ҳақ. АЁҚШларда АИ-92 бензини 10700 сўмдан сотилмоқда. Ҳаттоки айрим АЁҚШларда АИ-80 бензинининг нархи 9000 сўмга етган.

АИ 92 август ойи бошидан бери 4,7 фоизга, ўтган йилнинг 4 ноябрдан буён эса 12,6 фоизга қимматлашган.

Маълумот ўрнида, бу муддат ичида олий навли нефт нархи 22,4 фоизга арзонлаган, доллар курси эса қарийб ўзгармаган.

«Ахборот замонамизда ёлғонлар 40 йил, 40 кун тугул, 4 соат яшамайди. Шунинг учун тўғрисини, борини ва тўлиқ гапириш керак. Ўзбекистонликларни «алдагани ёш бола яхши» қабилида лақиллатишга ҳеч бўлмаганда уялиш керак», — дейди иқтисодчи.

Бу «Ўзбекнефтегаз» билан боғлиқ илк ҳолат эмас, газ қазиб олиш билан боғлиқ маълумотда ҳам «сўз ўйини» қўлланилган. Аввалроқ газ қазиб олиш суткасига 88 млн куб 76 млн кубгача тушиб кетганига қарамай, ташкилот «газ қазиб олиш кўпайиб, 76 млн кубга етди», дея хабар берганинини эслатади у.

 

Хўш, Марказий Осиё давлатларида бензин нархи қанча?

Global Petrol Prices’нинг маълумотларига кўра, дунё бўйлаб ўртача (АИ-95) бензин нархи литрига 16 минг 285 сўмга тўғри келади. Солиштириш учун: ушбу навдаги бензиннинг нархи Ўзбекистонда аксарият АЁҚШларда литрига 12500 сўмни ташкил этади.

Қозоғистонда бир литр бензин нархи ҳудуд ва АЁҚШшга қараб ўзгариб туради. Масалан, АИ-92 бензинининг 1 литр нархи 204-217 танга (4758-5061 сўм), АИ-95 эса 265 тангадан 275 тангагача (6181 сўмдан 6414 сўмгача)ни ташкил қилмоқда.

4 август ҳолатига кўра, Қирғизистонда АИ-92 бензинининг ўртача нархи 71 сом (10200 сўм) АИ-95 бензинининг ўртача нархи тахминан 78 сом (11300 сўм) атрофида қайд этилган.

Туркманистонда эса АИ-95 нархи литрига 0,43 АҚШ доллари (5451 сўмни) ташкил қилади.

Тожикистонда АИ-92 навли бензин нархи 9,5 сомоний (12925 сўм), АИ-95 бензин нархи 10 сомоний (13606 сўм) атрофида.

Таққослаш учун яна бир марта эслатиб ўтамиз: Ўзбекистонда АИ 92 бензин литри тахминан 10 минг 500 сўмдан, АИ 95 бензини эса 12 минг 500 сўмдан сотилмоқда.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.