Ўзини ўзи банд қилиш мақоми нимани англатади ва бу кимларга берилади?
Ўзини ўзи банд қилган шахслар — ўз ишини ўзи топиб, уни ўзи бажариш орқали даромад кўрадиган жисмоний шахслардир.
Меҳнатга лаёқатли ёшдаги ҳар бир жисмоний шахс, якка тартибдаги тадбиркорлардан ташқари, ўзини ўзи банд қилиши мумкин. Ўзини ўзи банд қилувчилар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт эмас.
Улар репетиторлар, энагалар, сантехниклар, электрчилар, сартарошлар, курйерлар, автомобил ювувчилари, ҳунармандлар, фаррошлар, тикувчилар, дастурчилар ва яна кўплаб бошқа касб эгалари бўлишлари мумкин.
Уларнинг фаолияти «Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисида низом» билан тартибга солинади. 2025 йил ҳолати бўйича 104 турдаги фаолият билан ўзини ўзи банд қилиш белгиланган. Шахс ўз хоҳишга кўра, уларнинг бир нечтасини бирваракайига танлаши мумкин.
Меҳнат шартномаси билан ишлаш билан бир вақтда ўзида ўзини ўзи банд қилиш ҳам мумкин. Муҳими, асосий ишдаги фаолият тури ўзини ўзи банд қилиш учун рухсат берилган фаолият турлари рўйхатига кирмаган бўлиши керак. Масалан, кун бўйи меҳнат шартномаси асосида котибалик билан шуғулланиш, кечаси ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида матн ёзиш бўйича хизматларни (копирайтинг) кўрсатиш мумкин.
Ўз-ўзини банд қилиш қайси соҳаларда энг кўп учрайди?
Ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг 1,9 млн нафари (йиллик ўсиш 104,3 фоиз) маиший хизматлар кўрсатиш соҳасида фаолият олиб бормоқда. Шунингдек:
- Халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасида — 417,8 минг (йилллик ўсиш 94,6 фоиз).
- Ахборот-коммуникация йўналишидаги хизматларда — 119,7 минг (йилллик ўсиш 87 фоиз).
- Ижтимоий йўналишдаги хизматларда — 496,9 минг (йилллик ўсиш 55,9 фоиз).
- Қишлоқ хўжалиги йўналишидаги хизматлар — 1,1 млн (йилллик ўсиш 53,6 фоиз).
- Саноат йўналишидаги хизматлар — 418,9 минг (йилллик ўсиш 49,6 фоиз).
Шунингдек, енгил автотранспортда йўловчи ташиш (таксичилик) фаолияти бўйича 707,3 минг нафар фуқаро рўйхатдан ўтган бўлиб, шундан 450,5 минг нафари 2024 йил ҳисобига тўғри келади.
Қайси вилоятларда ўз-ўзини банд қилган аҳоли сони кўп?
2025 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 4,4 млндан ортиқ ўзини ўзи банд қилганлар рўйхатга олинган бўлиб, шундан 42 фоизини аёллар, 58 фоизини эса эркаклар ташкил қилмоқда. Бу натижа ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 76,5 фоизга юқорилаган.
Ҳудудлар кесимида ўзини ўзи банд қилган фуқаролар асосан Самарқанд вилояти (508,1 минг), Тошкент вилояти (447,2 минг), Қашқадарё вилояти (442,5 минг) ҳиссасига тўғри келмоқда.
Қолган вилоятлар рақамлар қуйидагича:
- Наманган вилояти — 398,6 минг;
- Фарғона вилояти — 397,8 минг;
- Андижон вилояти — 394,9 минг;
- Тошкент шаҳри — 392,7 минг;
- Сурхондарё вилояти — 342,6 минг;
- Бухоро вилояти — 255,8 минг;
- Хоразм вилояти — 239,6 минг;
- Қорақалпоғистон Республикаси — 211,2 минг;
- Жиззах вилояти — 190,3 минг;
- Навоий вилояти — 173,2 минг;
- Сирдарё вилояти — 117,8 минг.
Ўзини ўзи банд қилишнинг қандай фойдалари бор?
- Уйдан ишлашнинг қонуний имконияти. Ўзини ўзи банд қилганлар солиқ текширувлари, жарималар ва ноқонуний тадбиркорлик фаолияти бўйича айбловлардан қўрқмасликлари мумкин.
- Тасдиқланган иш стажи ва пенсия.Ўзини ўзи банд қилганларнинг иш стажи кетаверади, шунинг учун кексаликда кафолатланган пенсия нақд деб ҳисоблаш мумкин.
- Расмий даромад. Истеъмол кредитлари, имтиёзли қарзлар олиш, шунингдек, солиқ имтиёзларини қўллаш мумкин.
- Минимал солиқ.Даромад солиғи ёки бошқа йиғимлар йўқ. Бир йилда БҲМнинг 1 баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўлаш кифоя.
- Ўзига ўзи хўжайин. Ўзини ўзи банд қилувчилар учун меҳнат шартномаси, раҳбар ва қатъий иш жадвали йўқ. Севимли иш билан хоҳлаган вақтда шуғулланиш ва бундан қонуний даромад олиш мумкин.
- Мижозлар базасини кенгайтириш. Ўзини ўзи банд қилган шахслар юридик шахслардан пул ўтказиш йўли билан тўловларни қабул қилиш учун банкда осонгина ҳисоб очишлари мумкин. Бундан ташқари, давлат рўйхатидан ўтказилганлик мижозларда ишончни уйғотади.
- Минимал ҳужжатлар.Ўзини ўзи банд қилганлар якка тартибдаги тадбиркорлар сингари бухгалтерия ҳисобини юритиш, ҳисобот юбориш ёки солиқ декларациясини топширишлари шарт эмас. Даромад ва харажатларни ихтиёрий равишда Солиқ иловасида тўғридан-тўғри кузатиб боришлари мумкин.
Қандай зарарлари бор?
- Суғурта ва ижтимоий бадалларни мажбурий эмаслиги: Ўзини ўзи банд қилганлар учун суғурта ва ижтимоий бадаллар тўлаш ихтиёрий, бу эса баъзан хавфсизлик кафолатларининг етишмаслигига олиб келади.
- Даволаниш ва меҳнат таътиллари йўқ:Касал бўлиб қолса ёки ишлай олмаса, йўқотилган даромад учун компенсация олинмайди.
- Ходим ёллаш тақиқи:Ўзини ўзи банд қилганлар ишчи ёллай олмайди; агар бизнес ривожланса, якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) сифатида рўйхатдан ўтиш талаб этилади.
- Фаолиятни узоқ муддат тўхтатганда иш стажи ҳисобга олинмайди:Меҳнат фаолияти тўхтатилганда солиқ органини огоҳлантириш керак ва бу давр учун иш стажи юритилмайди.
- Фаолият турлари чекланган:Фақат қонунда белгиланган рўйхатдаги фаолият турлари билан шуғулланиш мумкин. Хусусан, 2026 йилдан фаолият турлари камайиши кутилмоқда.
Қандай солиқ ва мажбурий тўловларни тўлаш керак?
- Ўзини ўзи банд қилиш фаолиятидан олинган барча даромадлар жисмоний шахслар даромад солиғига (ЖШДС) тортилмайди: қанча топса ҳам ўзида қолади. Бир йилда бир марта БҲМнинг 1 баравари — 2025 йилнинг 1 августидан эътиборан 412 минг сўм— миқдорида ижтимоий солиқ тўлашнинг ўзи кифоя қилади. Тўловни ҳар қандай тўлов тизими орқали амалга ошириш мумкин.
- Ўзини ўзи банд қилувчилар ҳеч қандай суғурта ва бошқа йиғимларни тўламайдилар. Муҳим: ўзини ўзи банд қилганларнинг рухсат берилган фаолият турларирўйхатидаги фаолиятдан олинган даромадларигина ЖШДС тўлашдан озод қилинади. Агарда даромад бошқа фаолият туридан олинган бўлса, улардан ЖШДС тўлаш керак бўлади.
Ойлик даромад бўйича қандай чекловлар мавжуд?
Ўзини ўзи банд қилганларда ойлик ёки йиллик даромад бўйича ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас. Ўзини ўзи банд қилувчи сифатида ойига 10 млн сўм ишлаб топсангиз ҳам, ҳеч ким фаолиятингизни тўхтатиб, ЯТТ ёки МЧЖ очишга мажбурламайди.
Ўзини ўзи банд қилиш мақомини қандай олиш мумкин ва бу учун қандай тўлов мавжуд?
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатидан ўтиш учун ҳеч қандай тўлов йўқ. Рўйхатдан ўтишни икки хил йўл билан амалга ошириш мумкин:
- Туман солиқ инспекциясига мурожаат қилиш орқали;
- солиқ тўловчининг шахсий кабинети ёки ДСҚнинг Солиқ мобил иловаси орқали.
Рўйхатдан чекланмаган муддатга ўтилади. Сўровномалар тўлдирилганидан кейин ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисида ҚР-кодли маълумотнома берилади. Шу ернинг ўзидан ижтимоий солиқни ҳам тўлаш мумкин, бунинг учун пластик карточкаси ҳисоб рақами ва амал қилиш муддатини киритиш кифоя.
Иш стажи ва пенсия қандай ҳисобланади?
- Президент қарорига кўра, фуқаролар белгиланган 104 турдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланса ҳамда ўрнатилган тартибда ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баробари (412 минг сўм)да ижтимоий солиқ тўловини тўласа, 1 йиллик иш стажи ҳисобланади.
- Шунда 7 йил давомида ҳар йили Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўловини амалга оширган шахс келгусида пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади. Пенсия миқдори иш ҳақи ва иш стажига боғлиқ.
- Ўзини ўзи банд қилганлар учун пенсия миқдори якка тартибдаги тадбиркорларники каби ҳисобланади. Пенсия ёшига етган вақтда зарур иш стажи мавжуд бўлса, пенсия минимал миқдорда — 1 млн 12 минг сўмбўлади.
- Агарда иш стажи етарли бўлмаса, давлат ҳар ойда 820 минг сўм миқдорида нафақа тўлайди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 8 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда битирувчиларнинг ишга жойлашишни ҳисоб-китоб қилишдаги камчиликларни танқид қилинди. Шунингдек, бундан буён битирувчиларни ишга жойлашда ўзини ўзи банд қилганлик инобатга олинмаслиги белгиланди.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.