Афғонистонда БМТнинг аёл ходимларига таҳдид қилинди

18:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Афғонистонда фаолият юритаётган БМТнинг ўнлаб маҳаллий аёл ходимларига номаълум шахслар томонидан ўлим билан таҳдид қилинди.

Afg

Al Jazeera хабарига кўра, таҳдидлар БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси (UNAMA) ва бошқа халқаро агентликлар билан ҳамкорлик қилганлар орқали амалга оширилган.

БМТ ҳисоботида қайд этилишича, охирги марта май ойида очиқ таҳдидлар кузатилган. «Толибон» бу ҳолат учун жавобгар эмаслигини билдириб, Ички ишлар вазирлиги тергов олиб бораётганини маълум қилди. Бироқ вазирлик матбуот котиби Абдул Матин Қани таҳдидлар умуман бўлмаганини, ҳеч ким аёл ходимлар хавфсизлигига таҳдид қила олмаслигини таъкидлади.

БМТ мазкур хавфли ҳолатдан сўнг ходимлар хавфсизлигини таъминлаш учун вақтинчалик чоралар кўрган. 2022 йил декабрда «Толибон» аёлларни маҳаллий ва хорижий нодавлат ташкилотларда ишлашни тақиқлаган. Олти ойдан сўнг бу тақиқ БМТ аёл ходимларига ҳам татбиқ этилди.

Кейинчалик ҳаракат аёлларни ишга қабул қилаётган ташкилотлар фаолиятини чеклаш билан қўрқитди. БМТ ҳисоботи эса соҳадаги афғон аёлларига ўлим таҳдидлари мавжудлигини биринчи марта расман тасдиқлади.