Олий Мажлис Сенати Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Малика Қодирхонова Миллий телерадиокомпания раиси Абдурашид Журабоевга сенатор сўрови йўллади. Тошкентдаги радио эшиттириш уйида ўтказилган ўрганишлар натижасида бир қатор инфратузилмавий муаммолар аниқланган.
Ушбу беш қаватли бино 1966 йилда қурилган бўлиб, унда «Ўзбекистон», «Ўзбекистон 24», «Ёшлар» радиолари, «Маҳалла» терадиоканали ва бошқа тузилмалар фаолият юритади. Ягона лифт 1982 йилдан бери ишлатилиб келинган, аммо 2023 йилдан техник талабларга жавоб бермагани сабабли тўхтатилган. Бу ҳолат 600 га яқин ходим ва минглаб иштирокчилар, жумладан, ногиронлиги бўлганлар ва кекса ёшдагилар учун жиддий қийинчилик туғдирмоқда.
Бинода пандуслар, махсус тўсиқлар ёки ногиронлар аравачаси учун кўтаргичлар йўқ. Бу меҳнат самарадорлиги ва меҳмонларга хизмат кўрсатиш сифатига ҳам салбий таъсир қилмоқда.
Сенатор лифт тизимини замонавий талаблар асосида янгилаш, имконияти чекланган шахслар учун зарур инфратузилмани жорий этиш ва кўрилган чоралар бўйича асосланган маълумот тақдим этилишини сўради.