«Уч қаҳрамон» бозоридаги дўконларнинг 40 фоизи ёниб кетгани маълум қилинди

08:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг жиноят иши қўзғатилиб, Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувига олинган.

Uch qahramon

Тошкент вилоятидаги «Уч-қаҳрамон ихтисослашган савдо мажмуаси»да содир бўлган ёнғин юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ хабар берди.

Қайд этилишича, 11 август куни соат тахминан 02:20 ларда Тошкент тумани «Сабзавот» МФЙ ҳудудида жойлашган «Уч-қаҳрамон ихтисослашган савдо мажмуаси» МЧЖда ёнғин келиб чиққан.

Бозорнинг умумий дўконлар қурилган майдони 20.000 метр кв. бўлиб, кўрилган тезкор чоралар натижасида 12.000 метр кв. майдонда жойлашган савдо дўконлари ёнғиндан сақлаб қолинган. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олган ёки ҳалок бўлганлар аниқланмаган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 259-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувига олинган.

«Ҳозирда ёнғин келиб чиқиши сабабларига аниқлик киритиш мақсадида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, тергов органлари якуний хулосасига кўра қўшимча ахборот берилади», — дейилади хабарда.