Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов мигрантларнинг курйерлик фаолиятига жалб этилишини чеклаш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Таъкидланишича, етказиб бериш соҳаси тез суръатлар билан ривожланмоқда ва катта ҳажмда ноқонуний ҳамда норасмий меҳнат бозорини шакллантирмоқда. Янги тартиб хизмат сифати ва хавфсизлигини ошириш, ёшлар ва маҳаллий аҳоли учун иш ўринлари яратишга қаратилган.
Шаҳар маъмурияти маълумотига кўра, ҳужжатда бу йил учун патент асосида ишловчи чет элликлар фаолияти тақиқланган йўналишлар рўйхати ҳам кенгайтирилган.
Расмий статистикага кўра, умумий курйерлар ораси чет элликлар улуши катта эмас, шунинг учун тадбир бозор барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмайди. Бизнеснинг мослашиши учун уч ойлик ўтиш даври белгиланди.
BRICS Mobility халқаро лойиҳаси раҳбари Наталия Вершинина-Аделманнинг таъкидлашича, мазкур чеклов ЕОИИ аъзолари ва патентсиз ишлайдиган бошқа давлат фуқароларига тааллуқли эмас. Демак, барча мигрантларни тўлиқ чиқариб юбориш ҳақида гап йўқ. Бу кўпроқ ЕОИИга аъзо бўлмаган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларини қамраб олади.
Июл ойи охирида Беглов мигрантларга такси соҳасида ишлашни ҳам тақиқлаган эди. Бу қарор ҳам хизмат хавфсизлиги ва россияликлар учун қўшимча иш ўринлари яратиш мақсадида қабул қилинган.