Telegram шантаж ва товламачиликка қарши кураш доирасида каналларни блоклайди

10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Павел Дуров рад этилмас далиллар асосида шахсий маълумотни ноқонуний ошкор қилган ва товламачилик қилган каналлар ёпилишини маълум қилди.

Pavel durov

Telegram асосчиси Павел Дуров мессенжер платформасида шантаж ва товламачилик билан шуғулланувчи каналларга қарши қатъий чоралар кўрилишини билдирди. Унинг айтишича, фойдаланувчилардан фирибгарлик ва босим ҳақида юзлаб мурожаатлар келиб тушган. Бу мурожаатлар шахс розилигисиз шахсий маълумотларни ошкор қилиш ва пул талаб қилиш ҳолатларини ўз ичига олган.

Дуров таъкидлашича, фақат рад этилмас далиллар мавжуд бўлган ҳоллардагина бундай каналларнинг фаолиятига чек қўйилади. У мессенжер «доксинг ва шантаж учун жой эмас»лигини айтиб, бу каби контент эгалари аниқланиши ва жавобгарликка тортилиши ҳақида ваъда берди.

Telegram 2025 йил июл ойида ҳам платформадаги товламачилик схемалари ҳақида огоҳлантирган эди. Хусусан, айрим шахслар ва гуруҳлар фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини ошкор қилиш билан қўрқитиб, бундан маблағ талаб қилган.

Баъзи каналлар эса обрўсизлантирувчи хабар ва постларни жойлаштириб, уларни ўчириш учун пул сўраш билан шуғулланган. Дуров бу амалиётларни ноқонуний ва ахлоққа зид деб баҳолаб, барча фойдаланувчиларни шантаж ҳолатлари ҳақида дарҳол ва далиллар билан хабар беришга чақирди.

Ушбу чоралар Telegram’нинг хавфсиз ва ишончли платформа сифатида фойдаланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сиёсати доирасида амалга оширилмоқда.