Туркиядаги зилзилада қулаган уйнинг қурувчиси қўлга олинди

10:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Баликесир вилоятидаги 6,1 магнитудали зилзилада қулаган бино эгаси ва қурувчиси эҳтимолий бепарволик айби билан ҳибсга олинди.

Zilzila

10 август куни Туркиянинг Баликесир вилояти Синдирғи шаҳрида 6,1 магнитудали зилзила содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Ер силкиниши оқибатида уч қаватли турар-жой биноси қулаган ва 81 ёшли қария ҳалок бўлган. Жами 29 киши турли даражада жароҳат олган.

Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя маълумотига кўра, зилзила 16 та бинога зарар етказган, уларнинг кўпчилиги ташлаб кетилган қишлоқ уйлари ҳисобланади. Синдирғида қулаган уй эса яшаб келинаётган кам сонли иншоотлардан бири бўлиб, ушбу ҳолат бинo эгаси ва қурувчисини эҳтимолий бепарволикда айблаб ҳибсга олинди. Адлия вазири Йилмаз Тунч айблов «бепарволик орқали ўлим ва тан жароҳати етказиш» моддаси бўйича қўйилганини билдирди.

Зилзила Истанбулда ҳам сезилиб, 16 миллиондан ортиқ аҳолида хавотир уйғотди. Мутахассислар шаҳарда йирик зилзила хавфи сақланиб қолаётганини таъкидламоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири Камол Мемисўғлининг айтишича, касалхонага ётқизилган 29 кишидан 19 нафарининг соғлиги яхшилангани туфайли рухсат берилган, қолганларининг аҳволи барқарор. Ҳудудда 200 дан ортиқ афтершок қайд этилган, энг кучлиси 4,6 магнитудани ташкил қилган.

Туркия йирик сейсмик хавф зонасида жойлашган. 2023 йилда мамлакатда содир бўлган 7,8 магнитудали зилзила 53 мингдан ортиқ инсоннинг ҳаётига зомин бўлган, юз минглаб бинолар вайрон ёки шикастланган. Юқори қурбонлар сонига сифатсиз қурилиш, назоратнинг суслиги ва тизимли хатолар асосий сабаб сифатида кўрсатилган.