Туризм Қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йилнинг июл ойида Ўзбекистонга 1 миллиондан зиёд хорижий турист ташриф буюргани қайд этилган. Йил бошидан буён эса мамлакатимизга жами 6,3 миллион сайёҳ келган. Бу — сўнгги йилларда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва хизматлар сифатини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар самараси сифатида баҳоланмоқда.
Айрим давлатлар бўйича сайёҳлар оқими ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кескин ошди. Хусусан, Хитойдан келган туристлар сони 2,9 баробарга, Япониядан келганлар эса 1,5 баробарга кўпайган.
Шунингдек, Буюк Британия, Франция, Испания, АҚШ ва Туркиядaн келганлар сони 1,2 баробарга ўсди. Россия Федерацияси, Германия, Италия, Малайзия ва Ҳиндистондан келганлар оқими эса 1,1 баробарга кўтарилгани қайд этилган.
Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган йилнинг январ-июн ойларида 3,5 миллиондан ортиқ чет эл фуқаролари туристик мақсадда Ўзбекистонга ташриф буюрган. 2025 йилнинг 6 ойида эса қарийб 5,3 млн нафар хориж фуқаролари келган, яъни солиштирилганда 1,7 млн нафарга ёки 48,9 фоизга ошган.
Мутахассислар фикрича, бундай ижобий натижалар мамлакатнинг туризм салоҳиятини ошириш, инфратузилмани янгилаш, хизматлар турини кенгайтириш ва халқаро миқёсда Ўзбекистон брендини тарғиб этиш ишлари билан узвий боғлиқ. Шу билан бирга, маҳаллий ва халқаро туризмни қўллаб-қувватлаш, янги инвестицияларни жалб қилиш ва кадрлар малакасини ошириш соҳадаги ўсиш суръатларини мустаҳкамламоқда.
Туризм соҳасидаги барқарор ўсиш келгусида ҳам мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри ва билвосита ҳиссани ошириши кутилмоқда.