Женнифер Лопес концерти Тошкент иқтисодиётига қандай таъсир қилди?

11:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Up All Night — Live in 2025 турнеси Тошкентга 15 мингдан ортиқ туристни жалб қилган.

Jennifer lopes

7 август куни «Миллий» (Бунёдкор) стадионида ўтказилган Женнифер Лопес концерти Ўзбекистон тарихида илк бор халқаро ААА тоифасидаги санъаткорнинг чиқиши бўлди. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маълумотига кўра, тадбир 15 330 нафар хорижий туристни жалб қилган. Улар орасида 8945 россиялик, 2495 қозоғистонлик, қолганлари эса АҚШ ва Европа мамлакатларидан бўлган.

Стадионга жами 31 144 киши ташриф буюрди, 25 минг чиптанинг 67 фоизи хорижликларга тегишли бўлди. Чипталар нархи 1 миллиондан 4,2 миллион сўмгача бўлиб, умумий потенциал даромад 25 млрд сўмдан 105 млрд сўмгача баҳоланган. Концертни ташкил этиш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилмаган, чипталарни сотиш эса CA Entertainment зиммасига юклатилган.

Gazeta.uz нашрининг Маданият жамғармаси маълумотларига таяниб берган хабарига кўра, концертдан Тошкент иқтисодиётига 42,5 млрд сўмдан ортиқ солиқ тушган.Тадбир давомида Тошкент меҳмонхоналарининг бандлик даражаси 25,7 фоизга ошган.

7 август куни эса Чилонзор метро линиясида йўловчилар оқими 16,5 минг кишига кўпайган. Консерт куни меҳмонларга қулайлик учун 4 та бепул автобус қатнови йўлга қўйилган эди.

Жами 115 ташкилот концерт тайёргарлиги ва ўтказилишида иштирок этган. 18 та фуд-корт ва савдо нуқтаси ишлади. Тартибни таъминлаш учун 3800 ҳуқуқ-тартибот ходими, 300 кўнгилли ва 500 ободонлаштириш ходими сафарбар этилган.

Бу тадбир меҳмонхона ва ресторан бизнесига кучли туртки бўлиб, Ўзбекистоннинг йирик халқаро чора-тадбирларни ўтказиш салоҳиятини намойиш этди, дейилади жамғарма хабарида.