Ўзбекистонда божхона расмийлаштириш жараёни тўғридан-тўғри чегарада амалга оширилади

12:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Импорт жараёнида ортиқча вақт ва харажатларни қисқартириш мақсадида товарларни эркин муомалага чиқариш босқичи чегарага кўчирилади.

Bojxona

Ўзбекистонда импорт товарларини эркин муомалага чиқариш тартиби тубдан соддалаштирилади. Бу ҳақда Таможена қўмитаси раиси ўринбосари Нодир Мусамухамедов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Унга кўра, ҳозирги кунда товарлар божхона чегарасидан ўтгач:

транзит декларацияси расмийлаштирилади,
ташқи иқтисодий фаолият постида божхона омборига жойланади
керакли сертификатлар олингандан кейингина эркин муомалага чиқаришга рухсат берилади.

Бу жараён 2–3 кун ва 15–25 млн сўм харажат талаб қилади.

Янги тизимга кўра, декларацияларни расмийлаштириш бевосита чегарада амалга оширилади. Иккинчи босқичда эса сертификат ва рухсатнома берувчи идоралар иши такомиллаштирилади. Мусамухамедовнинг таъкидлашича, бундай амалиёт Сингапур ва Европа давлатларида самарали қўлланилади.

У, шунингдек, божхона тизимида кузатилаётган «сояли иқтисодиёт» шаклларини санаб ўтди:
товар қийматини пасайтириш,
имтиёзлардан нотўғри фойдаланиш,
нархларни сунъий ошириш,
шахсий фойдаланиш ниқоби остида тижорат юкларини олиб кириш
маҳсулот номи ёки кодига ўзгартириш киритиш.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 11 августдаги йиғилишида «сояли иқтисодиёт»ни қисқартиришга қаратилган чоралар муҳокама қилинди (https://president.uz/ru/lists/view/8376). Шу доирада, юқори божхона ставкалари кўп ҳолларда товарларни ноқонуний ёки арзонлатилган тартибда олиб киришга ундаётгани таъкидланди.

Мусамухамедов, божхона тарифларини оптималлаштириш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилишини билдирди. Унга кўра, ислоҳотлар босқичма-босқич тўлиқ амалга оширилиши «сояли иқтисодиёт»ни қисқартиришда муҳим аҳамият касб этади.