Ёшларимизни ёт ғоялардан ҳимоя қилайлик — ДХХ

12.08.2025 19:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 2004–2006 йилларда туғилган бир гуруҳ ёшлар ижтимоий тармоқларда диний экстремистик тарғибот билан шуғуллангани аниқланган.

Dxx

ДХХ хабарига кўра, сўнгги вақтларда интернетда «диний маълумот» ёки «мазмунли мулоқот» ниқоби остида ёт ғоялар тарқатилиши ортидан ёшлар онги заҳарланиши ҳолатлари кўпаймоқда.

Аниқланишича, мазкур ёшлар «Telegram» мессенжерида канал очиб, Ўзбекистон ҳудудида тақиқланган «Ироқ ва Шом ислом давлати» ҳамда «Туркистон ислом ҳаракати»га оид аудио-видео материаллар ва даъватларни тарқатган. Улар ёпиқ гуруҳларда ҳам тарғибот ишларини давом эттирган.

Экстремистик ғоялар таъсирида қолган бу ёшлар Суриядаги қуролли тўқнашувларга қўшилиш ниятида бўлиб, «жиҳод», «ҳижрат» ва «шаҳид» шиорларини ҳаётий мақсад сифатида кўрсатишга ҳаракат қилган. Шу билан бирга, «Instagram»да шахсий саҳифалар очиб, тақиқланган контентни тарқатган ва янада кўпроқ ёшларни тузоққа тортмоқчи бўлган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида улар ушланди. Мутасаддилар ёшларни ҳар қандай шубҳали саҳифалардан огоҳ бўлишга чақирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ДХХ айрим ёшлар ва хорижда меҳнат қилаётган муҳожирлар орасида «А.У.Е.» деб аталувчи жиноий ҳаракатнинг таъсири сезиларли даражада ортаётганлиги ҳақида огоҳлантирган эди.