Россияда девелоперларнинг 19 фоизи касод бўлиш арафасида — сотувлар яхши эмас

08:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Россия бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин қурилиш муддатини кечиктирган девелоперларнинг тахминан 19 фоизи молиявий хавф остида эканини маълум қилди. Бироқ, бу рақам уларнинг барчаси ҳам албатта касод бўлади дегани, эмас деди у.

Marat xusnullin

«Ведомости» нашрига берган интервюсида Хуснуллин агар Марказий банкнинг юқори асосий ставкаси яна ярим йил сақланиб қолса, ипотекага давлат ёрдами тўхтаса ва аҳоли уй-жой харидини камайтирса, муаммоли компаниялар улуши 30 фоиздан ҳам ошиб кетиши мумкинлигини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, имтиёзли ипотека дастурлари қурилиш бозори учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Илгарироқ уларнинг улуши 20–30 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 80 фоизга етган. «Оилавий ипотека» дастури бир нафар 6 ёшгача фарзанди бор оилалар учун ҳам сақлаб қолингани тармоқда кескин пасайишнинг олдини олди.

Россияда уй-жой қурилиши ва яқин соҳалар ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 14 фоизини таъминлайди. Аҳоли йилига тахминан 16 трлн рубл йўналтириб, бозорда асосий инвестор сифатида иштирок этмоқда. Шу боис, ипотека дастурлари ва қурилиш соҳасини қўллаб-қувватлаш давлат учун стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади.

Хуснуллин девелоперлар учун қатор қўллаб-қувватлаш таклифларини ҳам билдирди. Жумладан, тўлов кечиктирилганда уларга банклар билан тенг ҳуқуқ бериш, гуруҳ ичидаги компаниялар ўртасида фойдани қайта тақсимлаш имкониятини қонунчиликка киритиш таклиф этилди. Шунингдек, у тўловни бўлиб тўлаш механизмни хавфли, аммо ҳозирги шароитда мажбурий чора сифатида баҳолади.

Давлат Думаси Қурилиш ва УЖКХ қўмитаси раиси ўринбосари Светлана Разворотнева ҳам вазиятнинг жиддийлигини тасдиқлади. Унинг маълумотига кўра, бирламчи бозорда сотилмаган уй-жой улуши 70 фоизга етган. Бу кўрсаткич қурилиш компаниялари учун жиддий хавф ва бозордаги талабнинг пасайишидан далолат беради.

Ҳукумат қурилган, аммо сотилмаган уйларни ижарага бериш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Шунингдек, «Оилавий ипотека» дастурини 14 ёшгача фарзанди бор оилаларга кенгайтириш масаласи муҳокама қилинмоқда. Мақсад — уй-жой бозорини барқарор ушлаб туриш ва девелоперлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали иқтисодиётдаги салбий оқибатларнинг олдини олиш.