Тошкент Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элмурод Алимов 12 август куни шаҳар кенгаши йиғилишида Бунёдкор, Себзор, Аҳмад Дониш, Тошкент ҳалқа йўли ва Янги Ўзбекистон кўчаларида автомобиллар учун белгиланган максимал тезлик чегарасини 80 км/соатга (+5 км) ошириш таклифини билдирди. Шунингдек, 12 та кўчада бир томонлама ҳаракат йўлга қўйилиши ва 500 та чорраҳада светофорлар узлуксиз қувват манбалари билан жиҳозланиши ҳам режага киритилган.
Алимовнинг сўзларига кўра, ташаббус маҳаллий ва хорижий тажриба таҳлили, тирбандлик ва ЙТҲларни камайтириш мақсадида илгари сурилган. Савол берган депутатлар ҳам, асосан, қарор қачондан амалга оширилишини сўраш билан чекланди.
Фаоллар нима дейди?
Мазкур таклиф жамоатчилик ва фаоллар томонидан кескин танқид қилинмоқда. Хусусан, журналист Муҳрим Аъзамхўжаев буни «жиннилик» деб баҳолаб, ЙҲХХ нега айнан 80 км/соатни танлагани ва бундай чоранинг натижасини қандай ҳисоблагани ҳақида жавоб беришини талаб қилди.
«Бу — жиннилик. Жиннилик бўлмаса, ЙҲХХ нега бундай таклифни илгари сурганини, қандай ҳисоб-китоблар асосида тезликни соатига 80 км гача ошириш тирбандликларни камайтиришига хизмат қилишини аниқлаганини тушунтириб берсин», — дея ёзди у.
Қизиқ томони, халқ сайлаган ва халқ манфаати учун ишлаши керак бўлган депутатлар бу таклифга қарши умуман гапирмаган.
«Мени энг аччиқлантиргани — ЙҲХХ вакилининг тилидан ўқиб эшиттирилган таклиф ҳам эмас, балки Тошкент шаҳар кенгашидаги бирор депутат ЙҲХХ вакилининг бу таклифига қарши бир оғиз гапирмагани бўлди. Икки депутат шу мавзуда савол берди, лекин у саволларнинг мазмуни “бу хушхабар қачондан кучга киради” мазмунида эди», — дея ёзди Аъзамхўжаев.
Журналист Шуҳрат Латиповга кўра, тирбандликнинг асосий сабабларидан бири кўчаларнинг нотўғри лойиҳалаштирилишидир. Лимитни 150 км/соатгача кўтариш мумкин, лекин барибир автомобиллар оқими «шиша бўғзида» («бутылочное горлышко») тўпланиб, тирбандликларни келтириб чиқаради.
«ЙҲХБ йўлларда хавфсизликни таъминлаш бўйича ўз вазифасини умуман уддалай олмаяпти. Бу ташкилот йўллардаги ўлимларнинг олдини олиш билан эмас, кўпроқ бюджетни тўлдириш билан банд. ЙТҲлар бўйича статистикани очиб беришга қайтиш керак. Мунтазам эълон қилинадиган статистик маълумотлар йўқлиги сабабли жамоатчилик ҳокимиятнинг йўл-транспорт ҳодисаларида ўлим ва жароҳатланишни камайтириш бўйича ишларининг самарадорлигини баҳолаш имкониятига эга эмас», — деди Латипов.
Давлетов эса, «Бу қадам Тошкент йўлларини яна «ўлим трассаси»га айлантириши мумкин», дея хавотир билдирди.
Журналист Дилшода Шомирзаева энг кўп болалар ва кексалар жабр кўришини айтиб, «Кўчалар автомобил учун эмас, пиёдалар учун бўлиши керак», деб ҳисоблайди. Унингча, парламентдаги муҳокамаларда жамоат хавфсизлиги устувор ўринда туриши лозим.
«Қанчадан-қанча пиёдалар ЙТҲларда майиб бўлиб, жон бераётган вақтда қандай қилиб тезликни ошириш ҳақида гапириш мумкин? Энг ёмони шундаки, бу аварияларда кўп маротаба болалар ҳалок бўлишди. Бу давом этяпти. Маълум қилган экан, депутатларга охирги нуқтада “биз қарор қилиб бўлдик” қабилида айтиб қўйишяпти. Нормал парламентимиз бўлганида шу гапни айтган одамни йиғилишга чақирарди-да, жўяли асос келтиришини, келтиролмаса, истеъфога чиқишини талаб қиларди. Афсус, бизнинг парламент ҳам, бошқарувдагилар ҳам соғлом фикрга эга эмас. Шундай бўлганида, улар учун қарор қабул қилишда ғоявий жиҳатдан асосда халқ ва унинг қадри турарди. Тезлик оширилишига мен мутлақо қаршиман. Кўчалар автомобиль учун эмас, пиёдалар учун бўлиши, устуворлик пиёдаларга қилиниши керак», — дея ёзди Дилшода Шомирзаева.
Мавжуд хавфлар
Тошкентда 2023 йилда шаҳар ичидаги тезлик чегараси 60 км/соатга туширилган эди. ЙҲХБ маълумотларига кўра, ҳар куни республика йўлларида ўртача 6 киши ЙТҲларда ҳалок бўлади, 24 киши турли даражада тан жароҳати олади. Фаоллар бу рақамлар аллақачон юқори эканини ва тезликни ошириш уларни яна оширишини таъкидламоқда.
80 км/соатдаги тўқнашув 60 км/соатга нисбатан пиёда учун ўлим хавфини сезиларли оширади.