Мўйноқда отилиб чиқаётган ва ёнаётган газ ҳамон жиловланмагани маълум бўлди

08:00 | 5 дақиқада ўқилади.

Ижтимоий тармоқларда Мўйноқда отилиб чиқаётган газни жиловлашга ҳаракат қилинаётгани видеоси тарқалди. Энергетика вазирлиги ҳаммаси назоратда эканини таъкидлади.

MuynoqФото: Kun.uz

«Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизматининг Vaqt.uzʼга маълум қилишича, кутилганидан катта босимда отилиб чиқаётган газни жиловлаш учун ҳарбий техникадан фойдаланиши оддий ҳол. Чунки олов ёниб турганда унинг олдига яқинлашиб бўлмайди. Шунинг учун масофадан туриб, қудуқда ўрнатилган қурилма ҳарбий техникадан ўт очиб йиқитилади.

Бу иш билан «Ўзбекнефтгаз» АЖга қарашли «Очиқ нефт ва газ фаввораларини олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисмининг Марказий ҳарбийлаштирилган назорат отряди» шуғулланади.

Энергетика вазирлиги конда газ отилиб чиққани юзасидан расмий баёнот берган. Унда қудуқдан чиқаётган газ аҳоли турар жойларидан узоқда жойлашган ва таркиби зарарсиз эканлиги маълум қилинган. Лекин Космо мониторинг канали томонидан жойлаштирилган суратлардан газ қудуғи Мўйноқ шаҳридан қарийб 10 км олисликда жойлашганини кўриш мумкин.

Космо мониторинг

«26 июл куни Қорақалпоғистон Республикаси, Мўйноқ тумани, «Учсой» ОФЙ ҳудудида жойлашган «Муйноқ» конида олиб борилаётган бурғилаш ишлари давомида 5000 метр чуқурликка мўлжалланган 1-сонли қудуқда 4707 метр чуқурликдан газ чиқиши кузатилган. Ушбу қудуқ — мазкур конда бурғилаш ишлари бошланган биринчи қудуқ ҳисобланади», дейилади хабарда.

Махлум қилинишича, газ босими кутилган даражадан юқори бўлганлиги сабабли, барча хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда қудуқни ликвидация қилиш ва босимни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

«Воқеа содир бўлган пайтдан бошлаб барча тегишли ташкилотлар — «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси бошчилигидаги Жамиятга қарашли «Очиқ нефт ва газ фаввораларини олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисмининг Марказий ҳарбийлаштирилган назорат отряди», Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, «Ўзбекгеофизика» АЖ ҳамда маҳаллий ҳокимият мутасаддилари воқеа жойида ҳозир бўлиб турибди», дейилади баёнотда.

Айни дамда ҳолатни бартараф этиш учун хизмат қилаётган ишчи ходимлар соғлигини сақлаш, шунингдек, атроф-муҳит ва ҳайвонот оламига зарар етишининг олдини олиш мақсадида газ назорат остида ёқиб қўйилган.

«Ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Шу сабабли одамлардан ваҳимага тушмасликларини сўраймиз», дейилади баёнотда.

27 июл куни Мўйноқдаги янги бурғиланаётган газ конида газ сизиб чиқиши кузатилгани ҳақида аввал хабар берган эдик. Демак, 2 ҳафтадан буён конни жиловлашнинг уддасидан ҳозирча чиқа олишмаган.