Туркияда ҳукумат очиқ буфет (all inclusive) ва шведча стол тарзида ёзиладиган нонуштадаги ортиқча исрофни олдини олиш учун янги қонунчилик ташаббусини ишлаб чиқмоқда. Янги тартибга кўра, «шведча стол» тарзидаги нонуштада ҳар бир мижоз учун алоҳида порция бериш мажбурияти бекор қилиниб, ҳотелларда «исталган нарсани тановвул қилиш мумкин» (all inclusive) тизими ўрнига «танлаб ейиш» услуби жорий этилади. Бунда таом олдиндан буюртма қилинади ва шунга қараб мижозга порция тайёрлаб берилади.
Туркия Исрофнинг олдини олиш жамғармаси маълумотларига кўра, мамлакатда ҳар йили ўртача 23 млн тонна озиқ-овқат нобуд бўлади. Мевалар ва сабзавотларнинг тахминан 35 фоизи эса истеъмолчи дастурхонига етмасданёқ чиқиндига ташланади. Бу ҳолат нафақат иқтисодга, балки озиқ-овқат инфляциясига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Туркия президенти ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат сиёсатлари бўйича кенгаш исрофга қарши чоралар ҳақидаги кенг қамровли ҳисоботни тайёрлаб, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғанга тақдим этмоқчи. Масала парламент муҳокамасига олиб чиқилиши ва қонунга киритиладиган ўзгаришлар билан амалдаги тизим қайта кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Сўнгги йилларда машҳур бўлган «шведча стол» тарзидаги нонушта ортиқча таом чиқиндисига олиб келмоқда. Айрим овқатланиш муассасалари уч киши учун икки кишилик порция беришни рад этиб, ҳар бир киши учун тўлиқ порция талаб қилади. Бу эса мижозларни ноқулай ҳолатга солиш билан бирга, озиқ-овқат йўқотилишини оширмоқда.
Янги ислоҳотлар амалга оширилса, фақат исталган ва истеъмол қилинадиган таомлар буюртма қилинади, ортиқча тайёрланган озиқ-овқат эса чиқиндиларга айланмаслиги таъминланади.