Жанубий Корея собиқ президентининг рафиқаси ҳам қамалди

10:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Сеулда суд собиқ биринчи хоним Ким Гон Схини акциялар нархини манипуляция қилиш ва пора олиш айбловлари билан қамоққа олди.

Janubiy koreyaning sobiq birinchi xonimi

Жанубий Кореянинг қамоқдаги собиқ президенти Юн Сок Ёлнинг турмуш ўртоғи Ким Гон Схи 12 август куни бир қатор иқтисодий жиноятлар айби билан ҳибсга олинди. BBC хабар беришича, унга акциялар нархини сунъий ошириш ва пора олиш каби айбловлар қўйилган.

Сеулдаги суд мажлиси 4 соат давом этди. Ким Гон Схи барча айбловларни рад этган бўлса-да, суд далилларни йўқ қилиш хавфи мавжудлигига ишора қилиб, уни қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди.

Бу мамлакат тарихида илк бор собиқ президент ҳам, унинг турмуш ўртоғи ҳам бир пайтнинг ўзида қамоқда сақланаётган ҳолат бўлди. Юн Сок Ёл 2024 йил январда мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилиб, сиёсий инқирозга сабабчи бўлганидан кейин ҳибсга олинган эди.

Прокуратура маълумотларига кўра, 52 ёшли Ким Гон Схи BMW’нинг Жанубий Кореядаги расмий дистрибютори «Deutsch Motors» акцияларини манипуляция қилишда иштирок этиб, 800 млн вон (тахминан 578 минг АҚШ доллари) даромад олган. Унга, шунингдек, черковдан бизнес имтиёзлари эвазига икки дона Chanel сумкаси ва олмос маржонни пора сифатида қабул қилиш айблови қўйилган.

Бундан ташқари, у 2022 йилги қўшимча парламент сайловлари ва 2024 йилги умумий сайловларда номзодлар танловига аралашганликда ҳам гумон қилинмоқда. Ким Гон Схи судга қара костюм ва юбкада келиб, журналистлар олдида жамиятга ноқулайлик келтиргани учун узр сўради.