Депортация қилинганларга 2 йил паспорт берилмайди

10:30 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йил 1 сентябрдан депортация қилинган ўзбекистонликлар икки йил хорижга чиқиш паспорти олиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Qizil pasport

Ўзбекистон ҳукумати қарорига кўра, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб хорижий давлат қонунларини бузгани учун депортация қилинган ёки мамлакат халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатган хатти-ҳаракат содир этган фуқаролар ҳақидаги маълумотлар ягона электрон база орқали юритилади.

Миграция агентлиги ушбу фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Миграция жараёнларига доир маълумотларнинг ягона электрон базасига киритади. Бу орқали уларнинг хорижга чиқиши бўйича давлат хизматлари назорат остида бўлади.

Қарорга мувофиқ, реадмиссия қилинган фуқаролар икки йил давомида хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш имкониятидан маҳрум этилади. Бу чеклов депортация қилинган барча шахсларга татбиқ этилади.

Шу билан бирга, айрим истисно ҳолатлар ҳам белгиланади. Ички ишлар вазирлиги муайян асослар мавжуд бўлган тақдирда, бундай фуқароларга хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириб бериш ваколатига эга бўлади.

Аввалроқ Ўзбекистон фуқароси содир этган жинояти сабабли чет элдан депортация қилинса, уни олиб келиш учун давлат томонидан қилинган харажатларни қоплаши ва миграция фондидан берилган маблағларни қайтариши ҳақида хабар берган эдик.