АҚШ давлат қарзи тарихда илк бор 37 трлн доллардан ошди

11:00 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, давлат қарзи 37 трлн доллардан ошиб, мутлақ рекорд қайд этилди. Мутaxассислар қарз ўсиши давом этишини тахмин қилмоқда.

Amerika qarzi

АҚШ давлат қарзи мамлакат тарихида илк бор 37 трлн доллардан ошди. Молия вазирлиги 11 август ҳолатига кўра давлат қарзи аниқ миқдорини — 37 004 817 625 842,56 доллар, деб эълон қилди. Бу ҳақда расмий маълумот вазирликнинг веб-сайтида жойлаштирилган.

Охирги марта давлат қарзи 36 трлн доллар чегарасини ўтганига ҳам бир йилдан кам вақт бўлди — 2024 йил 16 ноябрда ушбу кўрсаткичга эришилган эди. Молиявий кузатувчиларга кўра, қарз миқдорининг бундай тез суръатда ўсиши АҚШ бюджети дефицити ва давлат харажатлари юқорилиги билан боғлиқ.

Жорий йил июнь ойида АҚШ президенти Доналд Трамп давлат қарзи чегарасини тўлиқ бекор қилиш таклифини илгари сурган. Унинг фикрича, лимитни олиб ташлаш иқтисодий инқирознинг олдини олишга ёрдам беради. Трамп бу чорани мамлакат молиявий барқарорлиги учун зарур деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга, АҚШ Конгресси прогнозига кўра, келаси ўн йил ичида давлат қарзи 50 трлн доллардан ошиб, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 120 фоизидан кўпроғини ташкил қилиши мумкин. Мутaxассислар бундай вазият молия бозорлари ва миллий иқтисодиёт учун жиддий хавфлар туғдириши мумкинлигини таъкидламоқда.

АҚШ Молия вазири Скотт Бессент эса давлат қарзи бўйича дефолтга йўл қўйилмаслигини билдириб, ҳатто қарз лимити бўйича қарор қабул қилинмаса ҳам мамлакат ўз мажбуриятларини бажаришда давом этишини таъкидлади.