Uzum Bank’нинг ярим йиллик соф фойдаси 264 фоизга ошди

11:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Uzum Bank 2025 йилнинг биринчи ярмида 30,4 млрд сўм соф фойда қайд этиб, ўтган йилга нисбатан уч баравар ўсишга эришди.

Uzum bank

Uzum Bank 2025 йилнинг биринчи ярим йилини юқори молиявий кўрсаткичлар билан якунлади. Банкнинг соф фойдаси 30,4 млрд сўмга етди, бу ўтган йилнинг шу давридаги 8,4 млрд сўмлик натижадан 264,4 фоизга кўпдир.

Марказий банк маълумотларига кўра, ҳисобот даврида банкнинг фоизли даромадлари 90,5 фоизга ошиб, 25,3 млрд сўмни ташкил этди. Фоизсиз даромадлар эса 286,3 фоизга ўсиб, 549,7 млрд сўмга етди.

Шу билан бирга, Uzum Bank активлари 136,5 фоизга ўсиб, 1,3 трлн сўмга етди. Банк капитали 61,5 фоизга ортиб, 683,9 млрд сўмни ташкил этди.

1 июл 2025 йил ҳолатига кўра, кредит портфели 107 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 23 фоизга ошган. Эътиборли жиҳати, банк портфелида муддати ўтган кредитлар мавжуд эмас.

Молия бозори таҳлилчилари банкнинг юқори ўсиш суръатларини фаол мижозлар базаси кенгайиши ва хизматлар диверсификацияси билан изоҳламоқда. Uzum Bank охирги йилларда рақамли хизматлар сегментидаги фаолиятини кучайтирар экан, бу кўрсаткичлар банкнинг бозордаги рақобатбардошлигини янада мустаҳкамлаши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Uzum Хитойнинг Tencent компанияси ва халқаро фондлардан 70 млн доллар инвестиция жалб қилиб, баҳосини 1,5 млрд долларга етказиб, мамлакатнинг энг йирик технологик лойиҳасига айлантиргани ҳақида хабар берган эдик.