Женнифер Лопез концерти «Bunyodkor»га қанчага тушди?

12:30 | 5 дақиқада ўқилади.

7 август куни ўтказилган йирик концертдан сўнг «Миллий» стадионининг ҳолати, унинг аввалги кўринишига қайтиши учун керак бўладиган вақт ва режалаштирилган ўйинлар тақдири ҳақида маълумот берилди.

Jennifer lopezs

Машҳур қўшиқчи ва актриса Женнифер Лопеснинг Up All Night — LIVE IN 2025 турнеси доирасидаги концерти Тошкентдаги «Миллий» стадионда бўлиб ўтди. Тадбир учун 25 мингта чипта сотилган. Маълумотларга кўра, бир кунда 25 мингдан ортиқ томошабинни қабул қилган, 1 миллион доллар сарфлаб янгиланган стадион майдони жиддий шикастланган.

SPORTS.uz журналисти Карим Худайқуловнинг маълум қилишича, концертдан сўнг «Bunyodkor» стадионининг чими, сув бериш ва дренаж тизимлари сезиларли даражада зарар кўрган. Саҳна конструкциялари майдоннинг айрим қисмларини чўктирган. Яқин кунларда чим қисман янгиланиши режалаштирилган, аммо мутахассислар бутун майдонни алмаштиришни тавсия қилмоқда. Акс ҳолда, майдонда ранг фарқи қолиши мумкин. Журналистнинг фикрича, концертлар ўтказилиши мумкин, лекин тайёргарлик ва тиклаш ишлари футболга зиён етказмаслиги шарт.

Яна бир спорт журналисти Нарзулла Сайдуллаев эса стадион ҳолатини ўрганиб, агроном билан суҳбатда бўлганини айтди. Агрономнинг сўзларига кўра, ўлган майсаларни махсус техника ёрдамида териб чиқиш керак ва «Bunyodkor»да бундай техника мавжуд. Чимнинг тўлиқ тикланиши учун тахминан икки ой вақт талаб этилади.

«Al Hilol» клуби «Kingdom Arena» стадиони агрономи Стьюарт МакЧейннинг айтишича, одатда майдон тўлиқ тикланиши учун 6–8 ҳафта керак бўлади. Унинг сўзларига кўра, билим ва тажриба бўлмаса, майдонни қисқа вақт ичида «ўлдириб қўйиши» мумкин.

Шунингдек, 8 август куни режалаштирилган «Bunyodkor» – «Shoʻrtan» ўйини майдон талабга жавоб бермагани учун «Jar» стадионида ўтказилган.

Сентябрда бўлиб ўтадиган «CAFA» финал кубоги учун ҳам «Миллий» стадион танланган эди. Аммо икки ой давомида футбол ўтказиб бўлмаслиги ҳақидаги маълумотдан сўнг, ташкилотчилар майдонни дорилаб, максимал даражада тайёрлашга ҳаракат қилишини маълум қилди. Агар майдон финалга қадар тикланса, «Bunyodkor» мезбон бўлиб қолади, акс ҳолда бошқа майдон танланади.

«Bunyodkor» бош мураббийи Илёс Зейтулаев: «Биз ўз стадионимизда ўйнашни истардик. Аммо биз Италия, Испания ёки Англияда эмасмиз. У ерларда уч қаватли майдонлар бор, бирор муаммо бўлса, бошқа қаватдаги майдонни чиқаришади. Бу умуман бошқа даража. Бизда эса раҳбарият майдонни тиклашга ҳаракат қиляпти. Ростини айтсам, чим ҳақида кўп нарса билмайман, лекин яхши мутахассисларимиз бор. Майдон жуда зўр эди. Афсуски, Жаннифер Лопес ва минглаб одамларни майдондан чиқариб юбора олмаймиз. Бу катта реклама ҳам бўлди», — деди.

Эслатиб ўтамиз, Женнифер Лопес концерти Ўзбекистонга 15 мингдан ортиқ туристни жалб қилган ва Тошкент иқтисодиётига 42,5 миллиард сўмдан зиёд солиқ тушумини таъминлаган.