Солиқ қўмитаси асоссиз равишда тадбиркорлардан ортиқча пул ечиб олган

12:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ижтимоий тармоқларда тадбиркорлар ҳисобларидан асоссиз равишда солиқ қарздорликлари учун миллионлаб пул ечиб олингани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Солиқ қўмитаси бунга изоҳ берди.

Soliq qo'mitasi

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, тадбиркорлар ҳисобидан миллионлаб сўм солиқ қарздорлиги сифатида ечиб олинган. Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси электрон солиқ хизматлари порталида (my3.soliq.uz) юз берган техник носозлик сабаб айрим тадбиркорлар ҳисобларидан асоссиз равишда маблағ ечилганини айтган.

Қўмита маълум қилишича, носозлик натижасида солиштирма далолатнома бўйича қарздорлик пайдо бўлиши, маблағ ечилгани ёки бошқа хатолар вақтинча маълумот сифатида акс этиши мумкин.

Расмий баёнотга кўра, вазият назоратга олинган ва мутахассислар носозликни бартараф этиш устида иш олиб бормоқда. Тизим тўлиқ тиклангач, барча маълумотлар янгиланади ва нотўғри ечилган маблағлар эгаларига қайтарилади.

Солиқ қўмитаси тадбиркорларни ҳолат юзасидан хавотирга тушмасликка чақириб, техник ишларни тез орада якунлашга ваъда берди.

Маълумот учун, электрон солиқ хизматлари портали орқали тадбиркорлар солиқ ҳисоботини тақдим этиш, қарздорликни текшириш ва тўловларни амалга ошириш имкониятига эга. Шу боис, тизимдаги ҳар қандай носозлик кўп сонли фойдаланувчилар фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкин.