Ушбу олимпиадада мамлакатимиз ёшлари иккинчи йили иштирок этмоқда. Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Ўзбекистон стандартлар институти ҳамда Фан олимпиадалар маркази ташаббуси билан ўтган йилдаги синовларда юртимиз вакиллари бўлган мактаб ўқувчилари катта гуруҳда олтин ва кичик гуруҳда кумуш медалларини қўлга киритган эдилар.
2006 йилдан бери Корея Технология ва стандартлар агентлиги (KATS) ва Корея стандартлари ассоциацияси (KSA) стандартларни тушунишни осонлаштириш ва уларнинг аҳамиятини кейинги авлодга сингдириш учун Халқаро стандартлар олимпиадасини ташкил этган бўлиб, унда бутун дунёдан мактаб ўқувчилари иштирок этишади.
Дастлабки босқичлардан ўтган жамоалар асосий мусобақада давом этадилар, уларга стандартлаштириш дунёсида билим ва малакаларини оширишга қаратилган вазифалар юкланади. Турнир 2014 йилда синов тариқасида халқаро миқёсда бўлиб, 2015 йилда расмий халқаро турнир сифатида мустаҳкамланди.
Халқаро стандартлар олимпиадаси нафақат назарий нуқтайи назардан стандартлаштириш бўйича билимларни синовдан ўтказади, балки у ижодкорлик, илмий билимлар ва технологияни бирлаштиради ва иштирокчиларга стандартлаштириш оламини ўрганиш учун динамик, ҳаяжонли имконият яратади.
Бу йилги олимпиадада Ўзбекистон делегацияси сафида Ал-Хоразмий ва Президент мактаблари ҳамда вилоятлар ихтисослашган мактаблари ўқувчилари иштирок этмоқда.
Реклама