Қирғиз-ўзбек чегарасидаги назорат-ўтказиш пункти вақтинча ёпилди. Фуқаролар энди қаердан ўтади?

18:52 | 2 дақиқада ўқилади.

Кучли сув оқими «Отукчу-автомобил йўли» (Қирғизистон) — «Тул-автомобил йўли» (Ўзбекистон) йўл-ўтказиш пункти ўртасидаги кўприк таянчларини шикастлаган.

Kyg

Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасидаги «Отукчу-автомобил йўли» назорат-ўтказиш пункти вақтинча ёпилди. Чегарадан ўтиш учун фуқаролар ва транспорт воситалари вақтинча «Апкан» чегара ўтиш пунктига йўналтирилади. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати Ахборот ва коммуникациялар бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, кучли сув оқими туфайли «Отукчу-автомобил йўли» (ҚР) — «Тул-автомобил йўли» (ЎзР) назорат-ўтказиш пунктлари орасидаги кўприк таянч устунлари ювилиб кетгани сабабли, «Отукчу-автомобил йўли» (ҚР) назорат-ўтказиш пункти шахслар ва транспорт воситалари ўтиши учун вақтинча ёпилган.

«Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтмоқчи бўлган фуқаролар ва транспорт воситалари «Апкан» (ҚР) вақтинчалик чегара ўтказиш пунктига йўналтирилади. «Апкан» чегара ўтиш пункти эрталаб соат 7:00 дан кечки 23:00 гача ишлайди ва фақат Қирғизистон Республикаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун мўлжалланган», — дейилади хабарда.

«Апкан» чегара ўтиш пункти Боткен вилоятининг Боткен туманидаги Апкан қишлоғида жойлашган.