Тошкент вилоятида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ва божхона идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тожикистон фуқароси гашиш билан ушланди. 1986 йилда туғилган шахс Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтаётганда қўлга тушган. Унинг сумкасидан 14 кг 584 г гашиш моддаси топилган. Бу моддани буюртма қилган шахс Фарғона вилояти, Тошлоқ туманида қўлга олинди.
Бошқа бир ҳолатда, Бекобод туманида 9 кг 467 г опий билан яна бир шахс ушланди. Аниқланишича, бу модда Тожикистондан курер орқали олиб келинган бўлиб, уни Деновлик фуқаро Тошкент вилоятига етказган.
Қўқон шаҳрида эса «Фарғона–Қўқон» йўналишида ҳаракатланаётган «Lacetti» автомобилида йўловчи сифатида кетаётган фуқаронинг бел қисмидан 1 кг 759 г гашиш моддаси топилди. Фарғона шаҳрида «Запорожец» машинасида эса 995 г гашиш аниқланди.
Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 26 кг 805 г наркотик моддалар мусодара қилинди. Барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда