2014 йилда Германия терма жамоасини жаҳон чемпионлигига олиб чиққан немис мутахассиси Йоахим Лёв Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббийлик қилиш таклифини рад этди. Бу ҳақда Bild нашри хабар берди.
Қайд этилишичап, Лёв Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси вакиллари билан онлайн музокаралар олиб борган. У таклифни бир неча кун мобайнида ўйлаб кўрган, бироқ пировардида рад этган.
Бунинг сабабларидан бири рафиқаси Даниэлла Шмиднинг фикри бўлган. У бошқа мамлакатга иш учун кўчиб кетгандан кўра, нафақада осойишта ҳаётларини давом эттиришни маъқул кўрган.
65 ёшли Лёв 2021 йил март ойида Германия терма жамоаси бош мураббийлигини тарк этганидан буён бирорта клуб ёки миллий жамоани бошқармаган. 2014 йилда у ФИФА томонидан йилнинг энг яхши мураббийи деб тан олинган эди.
Илгари хабар қилинганидек, Йоахим Лёвнинг профессионал футболга қайтиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар тарқалган эди: уни 2026-йилги Жаҳон чемпионати олдидан Ўзбекистон терма жамоасининг бош мураббийи ёки маслаҳатчиси лавозимига номзод сифатида кўриб чиққан эдилар.