Тошкент йўлларини яна ўлим трассасига айлантиришмоқчи
Тошкент Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элмурод Алимов шаҳарнинг йирик кўчаларида автомобиллар учун максимал тезлик чегарасини 80 км/соатга (+5) оширишни таклиф қилди. Унга кўра, бу чора маҳаллий ва хорижий тажриба таҳлили, тирбандлик ҳамда ЙТҲларни камайтириш мақсадида илгари сурилган. Шу билан бирга, 12 та кўчада бир томонлама ҳаракат жорий этиш ва 500 чорраҳада светофорларни узлуксиз қувват манбалари билан жиҳозлаш режалаштирилган. Депутатлар асосан қарор қачондан амалга оширилишини сўраш билан чекланди.
Таклиф жамоатчилик ва фаоллар томонидан қаттиқ танқидга учради. Журналистлар Муҳрим Аъзамхўжаев ва Дилшода Шомирзаева буни «жиннилик» ва «ўлим трассаси»га қайтиш деб атади. Уларга кўра, тезлик ошиши пиёдалар, айниқса болалар ва кексалар ҳаётига хавф солади. ЙҲХБ эса йўлларда хавфсизлик таъминлаш вазифасини бажармаётгани ва ЙТҲ статистикаси очиқ эмаслиги танқид қилинди. Мутахассислар 80 км/соатдаги тўқнашув пиёдалар учун ўлим хавфини 60 км/соатга нисбатан анча оширишини эслатмоқда.
Шўрчидаги газ қуйиш шохобчасида портлаш юз берди
Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги пропан ёнилғиси қуйиш шохобчасида ёнғин чиқди. Ҳодиса пайтида ёнилғи қуйиш жараёнида қоидалар бузилгани айтилмоқда. Ҳозир етказилган моддий зарар миқдори ўрганилмоқда. Вилоят ва туман ФВБ раҳбарлари воқеа жойига бориб, вазиятни шахсан назоратга олган.
Бундан аввал, август ойининг ўзида Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ҳам ёқилғи қуйиш шохобчасида ёнғин чиққан эди.
Илон Маск Ўзбекистонга келиши мумкин
Ўзкосмос вакиллари 2028 йилда Халқаро астронавтика конгресси (IAC)ни Самарқандда ўтказиш таклифи билан Ўзбекистон номзодини илгари сурган. Агар ариза маъқулланса, тадбиркор ва SpaceX асосчиси Илон Маск иштирокчилар орасида бўлиши кутилмоқда, у анъанавий равишда конгрессда махсус вакил сифатида қатнашади.
ЎзА хабарига кўра, мазкур тадбир кўлами жиҳатидан глобал халқаро форум ҳисобланиб унда ҳар йили 10 мингга яқин космик соҳа мутахассислари ва компаниялар иштирок этади.
Қирғиз-ўзбек чегарасидаги назорат-ўтказиш пункти вақтинча ёпилди. Фуқаролар энди қаердан ўтади?
Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасидаги «Отукчу-автомобил йўли» назорат-ўтказиш пункти вақтинча ёпилди. Чегарадан ўтиш учун фуқаролар ва транспорт воситалари вақтинча «Апкан» чегара ўтиш пунктига йўналтирилади.
Қайд этилишича, кучли сув оқими туфайли «Отукчу-автомобил йўли» (ҚР) — «Тул-автомобил йўли» (ЎзР) назорат-ўтказиш пунктлари орасидаги кўприк таянч устунлари ювилиб кетгани сабабли, «Отукчу-автомобил йўли» (ҚР) назорат-ўтказиш пункти шахслар ва транспорт воситалари ўтиши учун вақтинча ёпилган.
Солиқ қўмитаси солиқ тўловчилардан ечиб олган қарийб 400 млрд сўмни қайтаради
Бугун, 13 август куни Солиқ қўмитаси маълумотлар базасида юз берган техник носозлик сабабли 30,1 мингта солиқ тўловчининг ҳисобидан асоссиз равишда ечиб олинган 399,3 млрд сўм маблағларнинг деярли барчаси қайтарилди.
Қайд этилишича, бугун соат 20:00 ҳолатига 25 568 та субъектга 362,8 млрд сўм маблағлар қайтариб берилган.
«Юз берган техник носозлик бартараф этилиб, солиқ тўловчиларнинг ҳисобидан ечиб олинган маблағларнинг деярли барчаси қайтарилди», — ь дейилади хабарда.