Божхона органлари тўловли хизматлари тарифлари тасдиқланди

14:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда жисмоний ва юридик шахсларга божхона органлари томонидан кўрсатиладиган тўловли хизматлар рўйхати ва тарифлари тасдиқланди. Иқтисодиёт ва молия вазирининг буйруғига кўра, рўйхат 68 турдаги хизматни ўз ичига олади.

Bojxona

Тақдим этиладиган хизматлар ташқи савдо статистикаси маълумотларини беришдан тортиб, Марказий божхона лабораторияси ва Божхона институти хизматлари ҳамда Миллий кинология маркази ветеринар ёрдамларигача бўлган йўналишларни қамраб олади.

Энг қиммат хизмат — ташқи савдо божхона статистикаси бўйича маълумотларни Божхона қўмитаси ахборот тизимларига интеграция орқали бир йил давомида олиш. Бу хизмат 50 мингта товаргача 25 БҲМ, 4 миллион тадан ортиқ товар учун эса 250 БҲМ этиб белгиланган.

Марказий божхона лабораторияси тўқимачилик матолари таркибини аниқлаш (2–4 БҲМ), қимматбаҳо металлар ва тошлардан ясалган буюмларни экспертиза қилиш (0,4 фоиз БҲМдан 1,5 БҲМгача) каби хизматлар кўрсатади.

Миллий кинология маркази эса 50 дан ортиқ ветеринар хизмат таклиф этади. Жумладан,
— Мушук ёки итни клиник текширувдан ўтказиш (10 фоиз БҲМ);
— Турли операциялар ўтказиш (30 фоиз–50 фоиз БҲМ);
— Касалликларни даволаш (10 фоиз–30фоиз БҲМ);
— Ветеринарни чақириш (15 фоиз БҲМдан 1 БҲМгача);
— Лаборатория текширувлари (10 фоиз БҲМ);
— Ҳайвонларни жойига бориб ўқитиш (1 соатга 50 фоиз БҲМ) шулар жумласидир.