Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ушбу масала юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига мурожаат йўллагани ҳақида хабар берган эдик. Унда иш берувчилар ва масъулларга В2 сертификати бўлмаган ўқитувчиларни ишдан бўшатиш жараёнини тўхтатиш, 312-сон қарорга ўзгартириш киритиш, қонунбузар раҳбарларга интизомий чора кўриш, камситиш ҳолатларига чек қўйиш каби расмий кўрсатмалар бериш сўралган эди.
Ўзбекистон Республикаси Мактбгача ва мактаб таълими вазирлиги мазкур мурожаатга расмий изоҳ берди. Маълумотга кўра, B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлиш талаби 2021 йил 19 майдаги Вазирлар Маҳкамасининг 312-сон қарорида белгиланган бўлиб, 2025/2026 ўқув йилига қадар амалга оширилиши керак.
Қарорга мувофиқ, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ишлаётган барча хорижий тил ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлиши шарт. Бу талаб ўқувчиларга сифатли таълим бериш ва уларнинг тил ўрганиш кўникмаларини юқори даражада таъминлаш мақсадида жорий қилинган.
Вазирлик маълумотича, жорий йил август ойида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан хорижий тил ўқитувчилари учун қўшимча тест синовлари ташкил этилади. Бу имтиҳонлар орқали ўқитувчилар ўз тил билимларини расмий равишда тасдиқлаш имкониятига эга бўлади.
Шу билан бирга, вазирлик ҳеч бир ҳудудий бошқарма ва тизим ташкилотига B2 даражадаги сертификатга эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш бўйича расмий кўрсатма бермаганини алоҳида таъкидлади. Меҳнат шартномалари, қонунчиликка кўра, иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишув асосида ҳал этилади.