Нега Ўзбекистонда олий таълимга қизиқиш кескин камайди? — мутахассис тушунтиради

17:30 | 11 дақиқада ўқилади.

2025-2026 ўқув йилида Ўзбекистонда олий таълимга ҳужжат топширганлар сони сўнгги етти йилдаги энг паст кўрсаткичга тушди. Масала юзасидан Vaqt.uz мухбири халқаро таълим лойиҳалари бўйича мутахассис Дилара Камил суҳбатлашди.

Dilyara

2025-2026 ўқув йилида Ўзбекистонда олий таълимга ҳужжат топширганлар сони сўнгги етти йилдаги энг паст кўрсаткичга тушди. Масала юзасидан Vaqt.uz мухбири халқаро таълим лойиҳалари бўйича мутахассис Дилара Камил суҳбатлашди.

Статистик маълумотларга кўра, 2025-2026 йил ўқув йили учун олий таълимга ҳужжат топшириш кўрсаткичлари кескин пасайди. Хусусан, 2025 йилги  олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар сони 732 минг 411 нафар бўлиб, бу охирги 7 йил ичидаги энг паст кўрсаткичдир. Бу ҳали ҳужжат топширганларнинг сони. Ҳужжат учун пул тўламаганлар ва бошқа сабаб билан қатнаша олмаганлар чиқариб ташланса, тест синовларида қатнашганлар сони 700 мингга ҳам етамади.

Лекин аввалги йиллари тест учун ҳужжат топширганлар сони қарийб 1,5 миллионга етган вақтлар ҳам бўлган. Мисол учун, 2019 йилда бу кўрсаткич 1 млн 66 мингдан ошган, 2020 йилда эса рекорд даражада 1 млн 484 мингга етган эди.

Халқаро таълим лойиҳаларини яратиш ва бошқариш бўйича мутахассис Дилара Камил билан ўзбек ёшларининг олий таълимга бўлган қизиқиши пасайиб бориш сабаблари ҳақида гаплашдик.

Эксперт бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлаётганини айтди: «Асосий сабаб Ўзбекистон олий таълим тизими алмашаётган авлодлар кутилмаларига мослашишда орқада қолмоқда. Хусусан, Зет, Алфа ва келаётган Бета авлодлари тезкор, мослашувчан ва шахсийлаштирилган таълимни талаб қилади. Дунёнинг илғор университетлари бу талабларни модул тизими ва мослашувчан ўқув режалари орқали амалга ошираётган бир пайтда, мамлакатимиз олийгоҳларининг аксарияти ҳануз анъанавий ва ёпиқ тузилма асосида ишлайди. Талабалар деярли ўз қизиқиш ва эҳтиёжларига мос фан танлаш ҳуқуқига тўла эга эмас, ўқув дастурлари эса қатъий ва янгиланишга суст мослашади.

Тўғри, ўқув тизимида янгилик сифатида HEMIS дастури ишга тушди. Лекин бизнинг таълим тизиими HEMIS га эмас, HEMIS бизнинг тизимга мослашди.

Ишлаб чиқариш билан интеграция ҳам суст — саноат билан ҳамкорлик кўпинча қоғозда қолади. Талабаларга реал лойиҳаларда қатнашиш, амалиёт ўташ ва ишга жойлашиш имкониятлари етарли даражада яратилмайди. Хорижий университетлар билан тузилган битимлар эса кўпинча ташқи имиж учун бўлиб, ҳақиқий икки дипломли дастурлар ёки самарали талаба алмашинуви тизими етарлича ривожланмаган».

Шунингдек, Дилара Камил ўзбек таълим тизими рақамли ва глобал талабларга жавоб бериш ҳам муаммо бўлиб қолаётганини ҳам таъкидлади. Таълим мутахассисига кўра, «Онлайн ва гибрид таълим инфратузилмаси ривожланмаган, халқаро аккредитацияга эга дастурлар сони кам ёки эскирган. Битирувчилар эса кўпинча ўз мутахассислигига мос иш топишда қийналади — иш ўринлари етарли эмас ёки уларнинг билим ва кўникмалари бозор талабига мос келмайди.

Университетлар битирувчиларни меҳнат бозорига тайёрлаш бўйича самарали тизим яратмаган, мавжудлари ҳам жуда секин ишламоқда.Бундан ташқари, visioner академик кадрлар етишмайди. Яъни бугунги кун талабларига жавоб берадиган таълим технологиялари, сунъий интеллект ва глобал трендлар бўйича билим ҳамда тажриба кам. Замонавий ўқув методлари бўйича мунтазам муҳокамалар деярли йўқ. Кўплаб профессор-ўқитувчилар янги илмий-амалий манбаларни мунтазам кузатмайди ва тор соҳасида «қамалиб қолган». Университетлар халқаро тажрибага эга мутахассислар маслаҳатидан ҳам етарли фойдаланмайди, локал муаммолар ва қадриятлар қолипи эса ҳануз сақланиб қолмоқда.

Баъзи университетлар эса жаҳон рейтингларида юқори ўрин эгаллашга ортиқча эътибор қаратади. Натижада профессор-ўқитувчиларга ҳаддан ташқари талаблар юкланади, бу эса сифатли таълим бериш учун зарур бўлган вақт ва энергияни камайтиради. Охир-оқибат талабалар таълим жараёнидан қониқмайди, олий таълим эса глобал рақобатда ортда қолади».

Эксперт илмий изланиш ва хулосаларидан келиб чиқиб қуйидаги ечим ва таклифларни берди:

Дарсларни зерикарли, анаъанвий усулда эмас, уч хил усулда: дарс, амалиёт ва онлайн модуллар билан уйғунлаштириб, талабага ўз тезлигида ўқиш имконини бериш керак.

Талабага ўз қизиқиши ва касбий мақсадига мос фанларни танлаш имкониятини чекламаслик керак.

Университетлар меҳнат бозори билан реал ҳамкорлик ўрнатиши керак. Аниқ натижа бўлиши керак: университетда ўқишдан мақсад ишга жойлаштириш, лойиҳа якунлаш бўлиши керак. Бунинг учун ҳамкорлик жараёнини мустақил ташкилотлар назорат қиладиган тизимни жорий этиш керак.

Университетлар бошқа халқаро, рейтинги баланд университетлар билан реал ҳамкорлик ўрнатиши керак. Битимлар фақат имзо маросими билан чекланмасдан, талаба алмашинуви ва қўшма ўқув дастурлари реал ишлаши керак.

Бугунги кун талабидан келиб чиқиб талабаларни сунъий интеллект ва глобал трендлар бўйича мунтазам малака оширишига алоҳида эътибор қаратиш керак.

Энг муҳими, университетлар рейтингларга ортиқча эътибор қаратишни тўхтатиши керак. Таълим даргоҳлари жаҳон рейтингларидан кўра, таълим сифати ва талабалар ютуқларини устувор қилиши керак. Ўқитувчиларга ортиқча масъулиятларни юкламасдан дарс сифати ва методик жараёнларни самарали қўллаб-қувватлаш керак.

Юқоридагилар мутахассиснинг ўқитиш методикаларини тубдан янгилаш борасидаги фикрлари эди.

Умуман олганда, ёшлар ўртасида ўқишга ва диплом олишга қизиқиш битта Ўзбекистон учун хос нарса эмас. Аввалроқ, Goldman Sachsʼнинг 2025 йилда эълон қилинган тадқиқотига кўра, диплом билан иш топиш даражаси билан дипломсиз, аммо зарур кўникмаларга эга бўлганлар орасидаги фарқ деярли йўқолиб бораётгани, бинобарин, ёшларда ўқишга қизиқиш пасайтгани ҳақида ёзган эдик.

Қолаверса, Ўзбекистонда давлат олий ўқув юртларига ҳужжат топширишнинг сўнгги 5 йилда тўхтовчиз камайиб бораётганини талабаларнинг хорижий ва хусусий университетларга ҳужжат топшираётгани кўпайгани билан ҳам боғлаш мумкин. Ўзбекистонда ББА тест имтиҳонларидан ўтишга кўзи етмаганлар давлат ОТМларига ҳужжат ҳам топшириб ўтирмайди. Контракт суммасини тўлаб, хусусий университетларга имтиҳонсиз қабул қилинишади.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.