Ўзбекистондан юборилган 3,5 тонна писта Қирғизистонга киритилмади

17:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Қирғизистон чегарада фитосанитария талабларига жавоб бермаган 3,5 тонна пистани Ўзбекистонга қайтарди.

Pista

11 август куни Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги кимёлаштириш, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантин департаменти «Дўстлик» назорат-ўтказиш пунктда текширув ўтказди. Текширувда Ўзбекистондан киритилаётган писталарда мажбурий маркировка йўқлиги аниқланди. Шу сабабли умумий оғирлиги 3,5 тонна бўлган юк ортга қайтарилди.

«Ҳар куни Ўзбекистон фуқаролари олиб ўтаётган қўл юклари ўсимликлар карантини қонунчилиги талабларига жавоб бермайдиган ўртача 5–6 ҳолат қайд этилади. 2025 йил июл–август ойларида бундай 60 ҳолат рўйхатга олинган ва уларнинг барчаси бўйича тегишли далолатномалар тузилган» — дейилади хабарда.

Мутахассислар бу каби қонунбузарликлар карантиндаги зараркунандалар ва ўсимлик касалликларининг тарқалишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Шу боис маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи тадбиркорлардан фитосанитария талабларига қатъий риоя қилиш сўралди.

Департаментнинг қайд этишича, экспорт юкларида маркировканинг мавжуд бўлиши карантин назоратидаги асосий талаблардан бири ҳисобланади. Ушбу қоида товар манбасини, сифати ва хавфсизлигини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга.

Қирғизистон ҳукумати ўсимликлар карантини соҳасида назоратни кучайтирар экан, талабларни бузган ҳолларда товарлар чегарадан ўтказилмаслиги ва жавобгарлик чоралари қўлланиши мумкинлигини эслатмоқда.