Ўзбекистонликлар учун Россияга киришда QR-код мажбурий бўлади

19.05.2025 15:45 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йил 30 июндан бошлаб, Россияга визасиз тартибда саёҳат қиладиган чет эл фуқаролари, жумладан, ўзбекистонликлар ҳам чегарада QR-код тақдим этишлари шарт бўлади.

Qr kod

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими маълум қилди. QR-код , «Gosuslugi RuID» мобил иловаси орқали олинади. Илова орқали рўйхатдан ўтиш, шахсий кабинет яратиш, фотосурат ва шахсий маълумотларни юклаш ҳамда Россияда бўлиш муддатини кўрсатиш талаб қилинади.

Аризани сафардан камида 72 соат олдин тақдим этиш керак. Фавқулодда ҳолатларда (масалан, оғир касаллик ёки яқин қариндошнинг вафоти) аризани 4 соат қолганда ҳам топшириш мумкин.

Беларус фуқаролари, 6 ёшгача бўлган болалар ва Россия визаси, вақтинча ёки доимий яшаш рухсатномасига эга шахслар ушбу талабдан озод қилинади. 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар учун аризани уларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари топширади, уларда ҳам шахсий рўйхатдан ўтиш коди бўлиши керак.

Янги тартиб Россия ҳукуматининг 2024 йил 7 ноябрда қабул қилинган чет эл фуқароларига оид тажриба лойиҳаси асосида жорий этилмоқда.