Ўзбекистонда расмий ишлайдиганлар сони ярим йилда 19 фоизга ошди

23:00 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг дастлабки ярмида Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 5,1 фоизни ташкил этди. Меҳнат бозорида расмий банд аҳоли улуши сезиларли ошган, норасмий банд фуқаролар сони эса қисқарган.

Workers

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳисоботида қайд этилишича, 2025 йил январ–июн ойларида мамлакатда ишсизлик даражаси 5,1 фоизга тенг бўлди. Бу кўрсаткич йил бошига нисбатан 0,4 фоиз пунктга камайган.

Қайд этилишича, халқаро меҳнат ташкилоти тавсиялари асосида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, Ўзбекистонда меҳнат ресурслари 20,3 миллион кишини ташкил этади. Улардан 15,4 миллиони иқтисодий фаол аҳоли бўлиб, 14,6 миллион киши банд, 781,6 минг киши эса ишсиз ҳисобланади.

Банд аҳолининг 55 фоизи ёки 8 миллион киши расмий ишда, 33 фоизи (4,8 миллион) норасмий ишда, қолган 12 фоизи (1,8 миллион) хорижда меҳнат қилмоқда. Ҳисобот даврида норасмий бандлар сони 13,6 фоизга камайган, расмий ишлайдиганлар сони эса 19 фоизга кўпайган.

Иқтисодий нофаол аҳоли орасида 2 миллион нафар киши таълим олаётганлар, 2,2 миллион нафар аёллар эса бола парвариши билан банд. Шунингдек, 800 минг киши турли сабабларга кўра ишлаш истаги ёки имкониятига эга эмас.