OʻzA хабарига кўра, Президент фармони билан Ўзбекистонга олиб келинган фаластинлик фуқаролар учун бир қатор ижтимоий ёрдам чоралари жорий этилди. Унга асосан, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса фуқароларга давлат нафақаси тайинланади.
Қайд этилишича, меҳнатга лаёқатли ёшдаги ҳар бир шахс (I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлганлардан ташқари) учун ҳар ой минимал истеъмол харажатлари миқдорида яшаш нафақаси тўланади. Шунингдек, ҳар бир оилага уй-жой ижара харажатлари давлат томонидан қопланади.
Фаластинлик меҳмонларга фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа ва дафн учун тўланадиган ёрдам пули Ўзбекистон фуқаролари учун белгиланган миқдорда амалга оширилади. Ҳар бир оилага бирламчи зарурий ноозиқ-овқат маҳсулотлари тўпламини харид қилиш учун қўшимча кўтарма пул ажратилади.
Меҳмонлар фарзандлари давлат болалар боғчаларига бепул қабул қилинади. Ота-оналар 2028 йил 1 январгача боғча хизматлари учун тўловдан озод этилади. Болалар давлат боғчалари ва мактабларига «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларининг талабномаси асосида навбатсиз қабул қилинади.
Шунингдек, ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги қошида махсус жамғарма ташкил этилади. Тузилма меҳмонлар эҳтиёжларини қондириш ва уларга кўмаклашиш учун молиявий манба бўлиб хизмат қилади.
Бундан ташқари, ҳар бир оилага маҳалладаги бир нафар ижтимоий ходим бириктирилиб, уларнинг эҳтиёжлари ва индивидуал талабларини таъминлаш мақсадида шахсий ҳамроҳлик ва ёрдам кўрсатилади.
Фармонда таъкидланишича, сўнги пайтларда Фаластиндаги вазият жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида бўлиб келмоқда. БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотларига кўра, Ғазо аҳолисининг тўртдан бир қисми очликка яқин шароитда яшаяпти. 100 мингга яқин аёллар ва болалар тўйиб овқатланмасликнинг оғир шаклидан азият чекмоқда ва шошилинч даволанишга муҳтож.