Қорақалпоғистон ва Хоразмда сув харажатларига субсидия ажратилади

09:35 | 3 дақиқада ўқилади.

Ичимлик сувига муҳтож камбағал оилаларга артезиан қудуғи қазиш ва ускуналар ўрнатиш харажатларининг асосий қисми давлат томонидан қопланади.

Suv nasosi

Ҳукуматнинг 2025 йил 14 августдаги 515-сон қарорига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида Камбағал оилалар реестрига киритилган аҳоли учун ичимлик суви билан таъминлаш харажатларини қоплаш тартиби белгиланди. Бу оилалар турар жойида артезиан қудуғи қазиш, сув насоси ҳамда ичимлик суви фильтрларини харид қилиш ва ўрнатиш хизматларига субсидия олади.

Субсидия харажатларнинг 90 фоизини, бироқ БҲМнинг 30 бараваридан ошмаган қисмини қоплайди. Ушбу ишлар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимидаги махсус реестрга киритилган тадбиркорлар томонидан амалга оширилади.

Субсидия олиш учун оиланинг вояга етган аъзоси ёки қонуний вакили «Инсон» марказларига ёки маҳалладаги ижтимоий ходимларга мурожаат қилиб, «ЯМИҲ» тизимида рўйхатдан ўтади. Ариза электрон тарзда юборилади ва ишчи гуруҳ қарорини автоматик тарзда хабар қилади.

Тасдиқдан сўнг тадбиркор белгиланган муддатда оила яшайдиган манзилга бориб, қудуқ қазиш ва сув ускуналарини ўрнатиш ишларини бажаради. Бу чора сув таъминотида қийинчиликка дуч келган оилаларнинг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон Қозоғистонга сув бериши ҳақида хабар берган эдик.