Буюк Британияда ҳам чикунгуня вируси билан касалланиш ҳолатлари ортмоқда

11:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Буюк Британия Соғлиқни сақлаш хавфсизлиги агентлиги (UKHSA) маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки ярмида чикунгунйя вируси билан касалланиш икки баробар ошган.

Chikungiya virusi

BBC хабар қилишича, 2024 йилнинг шу даврида эса 27 та ҳолат қайд этилган бўлса, жорий йил 70 та касалланиш кузатилди. Янги ҳолатларнинг деярли барчаси Ҳиндистон, Шри-Ланка ва Маврикийдан қайтган сайёҳлар орасида аниқланган.

Чикунгуня одатда ўлимга олиб келмайди, аммо баъзи беморларда бўғим оғриғи йиллар давомида сақланиши мумкин. Кўпчилик икки ҳафта ичида тузалади. Вирус икки турдаги чивин орқали юқади, аммо улар Буюк Британияда учрамайди.

UKHSA маслаҳатчиси доктор Филипп Вил сайёҳларга ҳашаротлардан ҳимояланиш учун репеллентлардан фойдаланиш, танани ёпиқ кийим билан қоплаш ва инсектицид билан ишлов берилган москит тўрларидан фойдаланишни тавсия қилди. Юқори хавфли ҳудудларга саёҳат қилувчиларга чикунгунйяга қарши вакцина олиш тавсия этилмоқда.

Британияда илк бор Оропуче вируси ҳолатлари ҳам қайд этилди. У асосан майда пашша чақиши орқали юқади ва маҳаллий турлари Европада учрамайди. Вирус аломатлари юқори иситма, титроқ, бош, бўғим ва мушак оғриғи билан намоён бўлади. 2024 йилдан бери дунё бўйлаб ушбу вирус билан касалланиш кўпайган, ҳомиладор аёлларга алоҳида эҳтиёт чораларини кўриш тавсия этилади.

Хитойда ушбу вирус туфайли карантин эълон қилинган.