Кредит олувчиларга «чек-лист»: бу тизим керакми?

19:30 | 7 дақиқада ўқилади.

Марказий банк кредит олувчилар учун чек-лист жорий этишни таклиф қилди. Унда қарздорликни расмийлаштиришдаги шартлар ва хавфлар тушунтирилади. Бу ҳақида мутахассис нима дейди?

Check list 02

Марказий банк эълон қилган таклифга кўра, энди кредит ажратишдан сўнг, шартнома расмийлаштирилгунча, банк мижозга кредит мажбуриятлари ва хатарларини кўрсатадиган чек-лист бериши керак. Қарз олувчи бандлар билан танишиб, тўлиқ розилигини тасдиқлаши шарт. Чек-лист тўлдирилмаса, кредит шартномасини имзолаб бўлмайди.

Қандай ишлайди?

Ҳужжатда изоҳлар билан 4 та шарт берилади:

Check list 01
Манба: Марказий банк
  • Кредит — бу харажат;
  • Кредитни қайтариш жадвалини диққат билан ўрганиб чиқдим;
  • Даромадларим кредит тўловларини тўлаш имконини беради;
  • Кредит тўловларини кечиктириш оқибатларидан хабардорман.

Агар кредит банк офисида расмийлаштирилаётган бўлса, чек-лист қоғозда берилади ва қарз олувчи томонидан тасдиқланади. Аксинча онлайн хизмат орқали бўлса, ҳар бир банд электрон тугмачалар орқали белгиланади. Икки хил усулда ҳам барча бандлар тўлиқ тасдиқланмагунча, шартнома расмийлаштирилмайди.

Бундан ташқари, Марказий банк банкларга кредит параметрлари, жумладан, олувчининг миқдори, муддати ва даромадлари тўғрисидаги маълумотларни мобил иловаларга автоматик равишда юклашни тақиқлашни таклиф қилмоқда.

Мижознинг розилиги автоматик белгилайдиган тугмалардан фойдаланиш ҳам чекланади. Фақатгина мижоз томонидан ҳужжат охиригача варақланганидан кейин фаоллаштириш мумкин бўлади.

Банклар қарз олувчининг молиявий қийинчиликлари, мураккаб ҳаётий вазияти ёки форс-мажор ҳолатлари туфайли кредит шартномаларини ўзгартириш ва кредитларни реструктуризация қилиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш тартибини тасдиқлаши керак бўлади. Ҳужжат банкнинг веб-сайтида жойлаштирилиши керак.

Бундан ташқари, истеъмолчиларга кредит олиш сўровига кўрсатилган миқдордан ортиқча суммага кредит олиш тақиқланади.

Содда қилиб айтганда, кредит олувчилар қимор ва тотализатор ўйинларидаги оқибатлар каби, чек-лист орқали хатарлардан огоҳлантирилади.

 

«Чек-лист» тизими керакми?

Vaqt.uz журналисти бу таклиф юзасидан иқтисодчи, доцент Фозил Додиев билан суҳбатлашди. Унинг фикрига кўра, Марказий банк ҳозир одамларда кредитлар кўпайиб кетгани, аксарият одамлар уни қайта олмаётганидан хавотирда.

«Даромаднинг 40 фоизи кредит кетади, 60 фоизи эса оилага кетиши керак. Афсуски, ундaй бўлмаяпти. Одамларнинг ойлиги фақат кредитга кетиб қоляпти. Оила боқса, кредитга тўлолмай қолади. Бу эса катта риск туғдиради. Натижада, муаммоли кредитлар сони кўпайиб, банклар ёмон аҳволга тушиб қолади», — дейди у.

 

Мутахассисга яна бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик:

— Чек-лист тизими хатарларни олдини олиши мумкинми?

— Бу битта восита бўлиши мумкин, фақатгина яхши ишлаши керак. Лекин бу орқали тўлиқ маълумотни аниқлаб бўлмайди, чунки бу ерда яширин иқтисод бор. Норасмий ишлайдиган ва кўп даромад топувчиларни тўлиқ аниқлаб бўлмайди.

— Бугунги кунда турли мақсадда кредит олувчилар, шунингдек фирибгарлар ҳам ортиб бормоқда. Мутахассис сифатида нима деб ўйлайсиз, буни қандай қилиб камайтириш мумкин?

— Банклар зўр «скоринг» тизими қилиши керак. Бу кредит олувчи шахслар ҳақида маълумотларни автоматик тарзда йиғиб беради. Буни қўлда йиғиб бўлмайди албатта, лекин «скоринг» билан маълумотлар тўплаш мумкин. Яъни кредит олувчининг МИБдан, солиқдан ёки коммунал тўловлардан қарзлари, номигa расмийлаштирилган мол-мулки, иш-жойи ва ҳоказо маълумотларни йиғиб таҳлил қилишга ёрдам беради. Ҳар битта одамга шундай база шакллантирилса, муаммоли кредитлар камаяди.

Умуман олганда, бу лойиҳа хўрак эмас, қопқон вазифасини бажаради. Агар тўғри тизимлаштирилса, бу «кредитмания»дан одамларни қутқаришга ёрдам бериши мумкин.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.