Украина Қуролли кучларининг махсус операциялар бўлинмалари Россиянинг Астрахан областида жойлашган Оля денгиз портига зарба берди. Украина манбаларига кўра, ҳужум пайтида «Порт Оля-4» номли қуруқ юк кемаси зарба еган. Ушбу кема Эрондан «Shahed» туридаги дрон қисмлари ва қурол-яроғ олиб кетаётгани айтилмоқда.
Украина Президенти девони раҳбари Андрей Ермак ушбу ҳодиса ҳақида изоҳ берар экан, «Агар украинларни ўлдирадиган қурол ва дрон қисмларини ташиш истаги бўлса, транспортнинг чўкишига ҳайрон қолмаслик керак» дея таъкидлади. Интернетда сувга чўкиб кетган кема суратлари ҳам тарқалди.
Астрахан области губернатори Игор Бабушкин 14 август куни Украина дронлари портга ҳужум қилганини тасдиқлади. Унинг айтишича, радиоэлектрон кураш воситалари барча дронларни ўчириб қўйган, аммо портдаги бир кема дрон қолдиқлари таъсирида шикастланган. Россия Мудофаа вазирлиги эса ҳодиса юзасидан изоҳ бермади.
Бундан ташқари, 15 август куни Украина дронлари Самара вилоятининг Сизран шаҳридаги нефт қайта ишлаш заводига ҳам зарба берди. Вилоят раҳбари Вячеслав Федорищев буни «оммавий дрон ҳужуми» деб атади ва 13 дрон уриб туширилганини маълум қилди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотича, бир кечада тўққизта россиялик ҳудуд ва Азов денгизи устида жами 53 дрон йўқ қилинган.