Бугун, 15 август куни фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорига асосан даъвогар Ш. И.нинг жавобгар Р. К.га нисбатан алимент ундириш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.
Суд қарорига кўра Р. К.дан Ш. И. фойдасига вояга етмаган бир нафар – 2023 йил 5 октябрда туғилган М. К. исмли қиз фарзандининг таъминоти учун 2025 йилнинг 28 июн кунидан бошлаб фарзанди вояга етгунига қадар ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа турдаги барча даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундирилиши белгиланган.
Жавобгар Р. К.дан давлат фойдасига давлат божи ҳамда почта харажатлари ундирилиши қайд этилган.
«Ушбу ҳал қилув қарори устидан қонунда белгиланган муддат ва тартибда Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация шикояти берилиши ёхуд протест келтирилиши мумкинлиги маълум қилинади», — дейилади хабарда.
Жамоатчилик нима демоқда?
Маълумот учун, собиқ депутат ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербоевнинг иккинчи хотини бўлгани ва у билан ажрашганидан сўнг вояга етмаган қизига алмент тўламаётгани билан боғлиқ мазкур ҳолат у Женефир Лопесга тегмагандек рўмол ва соқолга ҳам тегмасликни талаб қилган бир вақтда содир бўлди. Журналист Карим Баҳриев бу ҳолатни «иккинчи хотин деган айблов трендда, Абдураҳмонга қўлланди, Расулга қўлланяпти», — дея баҳолади.
«Шукурнинг постини ҳавола этдим. Менга келсак, биз ҳали бу гапларнинг ҳақиқатини билмаймиз. Сиз бу иккинчи хотин ҳақида гапнинг Расул рўмол ва соқолга ҳам тегмасликни талаб қилганда, яҳудий ва насроний соқол қўйса индамай, фақат ўзбек соқолига қарши курашилаетгани, яланғоч қўшиқ айтганни индамай, яна қўриқлаган милиция, рўмол ўраб ҳаели бўлишни истаган ўзбек аелини таьқиб қилинишига қарши гапирган заҳоти топиб чиқилганига эьтибор беринг», — дейди журналист Карим Баҳриев.
Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги ходими Азиза Умарова бу ҳолатни тўғридан-тўғри Расул Кушербаевга қарши кампания деб атади.
«Баъзан ўйлаб қоламан, биз қандай одамлармиз ўзи? Расул Кушербаевга қарши кампания яна авж олмоқда. У Мустақилликнинг 34 йили давомида тарихда энг таниқли «халқ» депутати бўлиб қоладиган тамойилли ва жасур инсон. У айнан парламентдаги бюджет масаласидаги овоз бериш туфайли кетиб қолди. Уни йиллар давомида бир хил қоралаш усуллари билан таъқиб қилишмоқда. Шахсан мен, айнан миллий авиакомпания ва аэропортларни ажратиш масаласи жамоатчилик эътиборига ҳавола этилганда, ҳужумлардан энг кўп азият чеккан инсон сифатида, аниқ биламан: жамоат арбоблари фақат ўз тамойиллари учун азоб чекишади… Буларнинг барчаси адолатдан эмас», — дея ёзиб қолдирган Азиза Умарова.
Журналист Шукур Жаббор Расул Кушербоевга чидашни маслаҳат берди.
«Мен ҳам сенга тош отаётганларнинг сафидаман, мен ҳам отаман, фақат гул отаман, ошна! Мансур Ҳалложни дорга осишдан аввал тошбўрон қилишганида Шиблий тош отаётганлар сафида туриб гул отган экан. Чида ошна, бирорта чайналадиган, кесатиладиган – лекин ҳеч ҳал бўлмайдиган мавзу чиққунча чидаб тур, одамлар … бошқа мавзуга ўтгунча чидаб тур, ўтиб кетади!..», — деган журналист Facebook’даги саҳифасида.