Песков: Путин ва Трамп саммити 6–7 соат давом этиши мумкин

22:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилишича, 15 август куни Аляскада бўлиб ўтадиган Россия ва АҚШ президентлари саммити бир қатор учрашувлар, музокаралар ва матбуот анжуманини ўз ичига олган ҳолда тахминан 6–7 соат давом этиши кутилмоқда.

Peskov

Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ раҳбари Доналд Трамп 15 август куни Алясканинг Анкоридж шаҳридаги Элмендорф–Ричардсон қўшма ҳарбий базасида учрашади. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, саммит дастурида бир нечта форматдаги учрашувлар режалаштирилган.

Унинг сўзларига кўра, дастлаб президентлар тет-а-тет мулоқот қилади. Илк режага кўра, бу фақат икки раҳбар ўртасида ўтиши керак эди, аммо ҳозирда ёрдамчилар ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Кейин делегациялар таркибида музокаралар, эҳтимол, ишчи тушлик шаклидаги муҳокамалар ўтказилади.

Саммит доирасида раҳбарлар маълум вақтга танаффус қилиб, кейин қўшма матбуот анжуманида иштирок этади. «Умуман олганда, барча тадбирларга камида 6–7 соат сарфланиши мумкин», — деди Песков.

Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков эса учрашувнинг асосий мавзуси Украинадаги вазият бўлишини маълум қилди. Шунингдек, икки мамлакат иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилади.

Бу Путин ва Трампнинг аввалги учрашувларидан сўнг илк йирик саммити бўлиб, халқаро майдонда катта эътибор қаратилмоқда.