Ўзбекистон статистикасидаги хато глобал иқлим тадқиқотида катта чалкашликка сабаб бўлди

23:00 | 7 дақиқада ўқилади.

The Washington Post нашрининг ёзишича, ҳисоботдан биргина Ўзбекистон маълумотлари чиқариб ташланганида, иқлим тадқиқотидаги прогноз натижалари кескин ўзгариб кетган.

Iqlim

Бир йил аввал «Nature» журналида чоп этилган тадқиқот 2050 йилга келиб глобал ЯИМ 19 фоизга, 2100 йилга бориб эса 62 фоизга пасайишини башорат қилган эди. Бу кўрсаткичлар аввалги ҳисоб-китоблардан уч баробар юқори бўлиб, халқаро ташкилотлар ва ҳукуматлар томонидан молия режалаштиришда ишлатилган.

Бироқ Стэнфорд университети олимлари олиб борган янги таҳлилда ушбу прогнозда катта хато борлиги аниқланди. Маълум бўлишича, мақолада башорат қилинган улкан зарар атиги битта мамлакат — Ўзбекистондан олинган маълумотлардаги хатоликларга асосланган.

«Ўзбекистон маълумотлар тўпламидан чиқариб ташлангач, башоратлар сезиларли даражада пасайди — 2100 йилга келиб ЯИМнинг 62 фоизлик йўқотиши 23 фоизгача, 2050 йилга келиб эса 19 фоиздан 6 фоизгача тушди», — деб таъкидлади Стенфорд университети Глобал сиёсат лабораторияси директори ва шарҳ муаллифларидан бири Соломон Ҳсианг.

«Маълумотлар билан ишлайдиган ҳар бир киши маълумотларни синчиклаб ўрганиб, уларнинг мақсадга мувофиқлигини таъминлаш учун маълум даражада масъулиятни ўз зиммасига олиши керак,» деди Ҳсианг.

Бироқ, мақола муаллифлари ўз таҳлилларининг ҳамон асосли эканлигини таъкидламоқдалар. Nature журналининг амалий ва физика фанлари бўйича бош муҳаррири Карл Зиэмелис электрон хат орқали журнал мазкур тадқиқотни кўриб чиқаётганини ва «масала ҳал этилгач, тегишли таҳририй чоралар кўрилишини» маълум қилди.

Ҳсианг ва унинг ҳамкорлари маълумотлар тўпламидан бир вақтнинг ўзида битта мамлакатни олиб ташлаш орқали хатоликни аниқлаган. Улар олиб ташлаган бошқа ҳар қандай мамлакат ЯИМ башоратларини озгина ўзгартирган, холос. Бироқ Ўзбекистон чиқариб ташланганда, натижалар кескин ўзгариб кетган.

Кейин улар Ўзбекистон маълумотларини синчковлик билан ўрганишган. Мақолада келтирилган маълумотлар тўплами 2000 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти кескин пасайиб, деярли 90 фоизга қисқарганини кўрсатган. 2010 йилда эса баъзи ҳудудларда ялпи ички маҳсулот 90 фоиздан зиёд ўсганини акс эттирган. Бошқа йилларда ҳам кескин ўзгаришлар кузатилган.

Жаҳон банки маълумотларига кўра эса, сўнгги 40 йил давомида мамлакатнинг иқтисодий ўсиши анча мўътадил бўлиб, 0,2 фоиз пасайишдан 7,7 фоиз ўсишгача бўлган оралиқда ўзгариб турган.

Натижада ҳарорат ва ёғингарчилик ўзгариши омили иқтисодий ўсиш билан боғлайдиган асосий моделда устунлик қилган ва ялпи ички маҳсулот иқлим ўзгаришидан кескин зарба олишини кўрсатадиган умумий натижа шаклланган.

Ҳсианг натижаларни ҳайратланарли деб топди. «Кўп маълумотлар мавжуд бўлганда, кичик бир мамлакатнинг шунчалик таъсирли бўлиши ғайритабиий туюлади», — деди у. Шунинг учун, у натижалар ва маълумотларни пухта текшириш зарурлигини таъкидлади.

Мақола муаллифларининг айтишича, Германиянинг Потсдам иқлим таъсирини ўрганиш институти олимлари бошқачароқ фикрда. Улар Ўзбекистон билан боғлиқ хатолик дастлабки маълумотларни қайта ишлашдаги муаммолар туфайли юзага келганини тушунтириб, муқобил таҳлил ўтказган. Такомиллаштирилган моделда 2050 йилга бориб жаҳон ЯИМнинг эҳтимолий зарари 19 фоиздан 17 фоизга пасайтирилган.

«Муаммоларни кўрсатишгани учун миннатдормиз ва бу илмий жараённинг бир қисмидир. Аммо мақоланинг асосий хулосалари сақланиб қолади ва ҳисоб-китобларга озгина ўзгаришлар киритилди», — дейди дастлабки тадқиқот ҳаммуаллифларидан бири, Берлин Техника университети профессори Леони Венз.

Ўз навбатида танқидчилар методологиядаги ўзгаришлар дастлабки натижаларни шубҳа остига қўйишини таъкидлаяпти.

«Илм-фан сиз хоҳлаган натижага эришиш учун тажриба шартларини ўзгартириш тамойили бўйича ишламайди. Бундай ёндашув илмий методга зиддир», — деган Ҳцианг.

Nature журнали мазкур масала юзасидан текширув бошлаб, таҳририят зарур чоралар кўришини маълум қилди. Мутахассислар бундай глобал таҳлилларда ҳар бир мамлакат маълумотлари синчиклаб текширилиши зарурлигини таъкидлаяпти.