2025 йил январ–июл ойларида «Солиқ» мобил иловасидаги «Солиқ ҳамкор» тизими орқали солиқ қонунбузарликлари юзасидан 63 988 та мурожаат келиб тушган. Энг кўп ҳолат — 57 672 та мурожаат савдо жараёнида чек бермаслик билан боғлиқ бўлди.
Шунингдек, 2 278 та ҳолатда тўловни пластик карта орқали қабул қилмаслик, 145 та ҳолатда эса картадан фойдаланишда харид суммасини асоссиз ошириш қайд этилган. Бошқа турдаги бузилишлар 3 893 та ҳолатни ташкил қилди.
Бироқ 31 423 та мурожаат такрорий бўлгани ёки шу тадбиркорлик субъектида текширув ўтказилаётгани сабабли кўриб чиқилмаган. Қолган мурожаатлар асосида 25 924 та сайёр солиқ текшируви ўтказилди ва уларнинг 98,9 фоизида қонунбузарликлар тасдиқланди.
Мурожаатларни йўллаган фуқароларнинг ўзлари ҳам моддий рағбатлантирилди. Жами 27 451 та ҳолат бўйича фуқароларга ундирилган жарималарнинг 20 фоизи миқдорида — 19,7 млрд сўм мукофот сифатида тўланди.
Бу маълумотлар солиқ идоралари томонидан жамоатчилик иштирокини кучайтириш орқали шаффофлик ва интизомни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни кўрсатмоқда.