Навоийда бир мактаб битирувчиларининг барчаси талаба бўлди

18:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Навоий шаҳридаги 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати барча 60 нафар битирувчилари олий таълим муассасаларига қабул қилинди.

Navoiy 1 maktab

Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабарига кўра, жорий ўқув йилида мазкур мактаб-интернатини битирган 60 нафар ўқувчининг барчаси ОТМ талабасига айланди. Улардан 42 нафари давлат гранти асосида, 18 нафари эса контракт асосида ўқиш имкониятини қўлга киритди.

Маълумотга кўра, битирувчилар тест синовларида юқори кўрсаткичларни қайд этган. Мактаб директори Одил Норовнинг таъкидлашича, жамоа ўқув йили бошиданёқ ушбу мақсадни кўзлаб иш олиб борган ва натижада 100 фоизлик муваффақиятга эришган.

Бундан ташқари, Навоий шаҳридан яна 34 нафар мактаб битирувчиси жорий йилги тест синовларида энг юқори кўрсаткич — 189 балл тўплаб, 100 фоизлик натижани қайд этгани маълум қилинди.

Бу ҳолат вилоятда таълим сифати ва ўқувчиларнинг билим даражаси ортиб бораётганини кўрсатади. Мутасаддилар фикрича, ушбу натижа мактаб-интернат тизимида самарали ўқув дастурлари ва устозлар меҳнати билан бевосита боғлиқ.