TechCrunch маълумотича, OpenAI компаниясига қарашли ChatGPT мобил иловаси 2023 йил май ойида ишга туширилгандан бери созловчиларга 2 млрд доллар даромад келтирган. Бу кўрсаткич бир ўрнатишдан ўртача 2,91 долларга тўғри келмоқда.
Даромаднинг асосий ўсиши 2025 йил ҳиссасига тўғри келди. Жорий йилнинг биринчи етти ойида илова 1,35 млрд доллар даромад қайд этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 673 фоизга кўп.
Appfigures таҳлилларига кўра, ChatGPT ойига тахминан 193 млн доллар фойда келтирмоқда. Солиштириш учун, асосий рақобатчилардан xAI компаниясининг Grok иловаси 3,6 млн доллар, Claude ва Copilot каби сервислар эса анча кичик миқдорда даромад қайд этган. Grok’нинг бир ўрнатишдан ўртача фойдаси 0,75 доллар, Copilot’ники эса 0,28 доллардан ошмаган.
Илова учун энг йирик бозор АҚШ бўлиб, у умумий даромаднинг 38 фоизини ташкил этди. Германия 5,3 фоиз улуш билан иккинчи ўринда турди. Энг кўп юклаб олишлар эса Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келган — 13,7 фоиз. Бироқ бу мамлакатда асосан бепул тарифдан фойдаланиш кузатилмоқда.
Маълумотларга кўра, ChatGPT иловаси умумий ҳисобда 690 млн марта ўрнатилган. Солиштириш учун, Grok иловасининг юкланишлари 39,5 млн маротаба бўлган.
Эслатиб ўтамиз, шу йил бошида хорижий IT компаниялари Ўзбекистонда 78,2 млрд сўм солиқ тўлагани маълум қилинган эди. Унинг 2,9 млрд сўмини OpenAI компанияси тўлаган.