Путин Трампга Донбассни тўлиқ эгаллаш ниятидан қайтмаганини маълум қилган

20:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Владимир Путин Украина бўйича позициясини ўзгартирмагани маълум бўлди. У Трамп билан суҳбатда Донбасснинг Киев назоратида бўлиб турган ҳудудларини ҳам Москвага ўтказишни талаб қилган.

Trump putin alaska 7

Bloomberg нашрининг ёзишича, Трамп Европа етакчилари ва Украина президенти Володимир Зеленский билан мулоқотда Путиннинг Аляскада яна бир бор айтилган бу талабини ошкор қилган. Кремлнинг мазкур талабини Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ҳам олдинги музокаралардан сўнг такрорлаган эди.

Россия Херсон ва Запорижжя областларининг ҳали босиб олинмаган қисмларидан воз кечиши мумкинлиги айтилмоқда. Бу ҳолат фронт чизиғини ўша ерларда «музлатиб қўйиш» эҳтимолини англатади. Бироқ Зеленский Россияга Донбасснинг бирор қисми берилмаслигини қатъий таъкидлаган. Унинг фикрича, бундай қадам Украина ҳимоя чизиқларини заифлаштиради ва янги ҳужум хавфини кучайтиради.

Европалик бошқа мансабдорлар эса Трамп Зеленскийни ҳудудий имтиёзларга мажбур қилиши мумкинлигидан хавотирда. Сиёсатшунослардан бирининг айтишича, Трампнинг асосий мақсади «музокаралар бошланди» ёки «тинчликка эришилди» деган сиёсий ғалаба формулировкасини қўлга киритишдир.

Bloomberg манбаларига кўра, Трамп Украина хавфсизлигига кафолат беришга тайёрлигини айтган, лекин НАТОдан ташқари йўллар билан. Унга кўра, Путин бундай таклифга қарши чиқмаслиги мумкин.