Данияда поезд ағнади: бир аёл ҳалок бўлган, ўнлаб йўловчилар жароҳатланган

21:08 | 3 дақиқада ўқилади.

Жанубий Ютландияда поезд релсдан чиқиб кетиб, ағнаган. Бир аёл ҳалок бўлди, 27 йўловчи турли даражада жароҳат олди.

Denmark train

Даниянинг Жанубий Ютландия минтақасида йирик темир йўл ҳалокати содир бўлди. DSB давлат темир йўл компаниясига тегишли йўловчи поезди Бйерндруп шаҳри яқинида рельсдан чиқиб кетди. Ҳодиса 16 август куни бўлиб ўтди.

Телеканал TV2 хабарига кўра, ҳалокат натижасида 60 ёшли аёл ҳалок бўлган. Яна 27 киши турли даражада жароҳат олган, улардан беш нафари оғир аҳволда, иккисининг ҳолати эса жуда хавотирли экани айтилмоқда. Қолган 22 йўловчи енгил жароҳат билан шифохонага етказилган.

Расмий маълумотга кўра, поезд Копенҳагендан Жанубий Даниянинг Сеннерборг шаҳрига йўл олган. Умумий ҳисобда поездда 95 йўловчи ва хизмат кўрсатувчи ходимлар бўлган. Полициянинг дастлабки маълумотларига кўра, поезд йўлдаги қишлоқ хўжалиги техникаси билан тўқнашиб, ҳалокат юз берган. Темирйўл кесишувида шлагбаум мавжуд бўлмаган.

Ҳодиса жойига ўнлаб тез ёрдам машиналари, фавқулодда хизмат машиналари ва тўртта вертолёт жалб этилган. Полиция ва қутқарув хизматлари ҳодиса сабабларини ўрганмоқда. Айни пайтда терговчи органлар авария вақтида йўл белгиларининг ишлаган-ишламаганини текширмоқда.

Дания Бош вазири Метте Фредериксен воқеадан қаттиқ таъсирланганини билдирди. Транспорт вазири Томас Даниэлсен эса махсус комиссия, DSB ва Banedanmark агентлиги барча ҳолатларни қамраб олган ҳисобот тайёрлашини маълум қилди. Reuters агентлиги хабарига кўра, Бйерндруп атрофидаги мазкур темир йўл кесишувида аввал ҳам ҳалокатлар содир бўлган.