Starlink интернети Ўзбекистонда ҳам ишга тушиши кутилмоқда

10:09 | 3 дақиқада ўқилади.

Қўшни Қозоғистонда аллақачон хизматлар фаолиятини бошлаган Starlink сунъий йўлдош интернети 2026 йилдан Ўзбекистонда ишга тушиши режалаштирилмоқда.

Starink

Starlink’нинг Ўзбекистон бозорига чиқиши дастлаб 2023 йилга мўлжалланган эди. Кейинчалик сервис сайтида муддат 2025 йил деб кўрсатилган, аммо кейин яна 2026 йилга кўчирилди. Режага кўра, мамлакатда хизматлар келгуси йили йўлга қўйилиши мумкин.

Starlink тизими Ердан тахминан 550 km баландликда жойлашган сунъий йўлдошлар орқали ишлайди. У юқори тезлик ва паст кечикиш билан интернет узатиш имконини беради. Бу, айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи фойдаланувчилар учун видеоқўнғироқ, онлайн стриминг ва турли рақамли хизматлардан узлуксиз фойдаланиш имкониятини очиб беради.

SpaceXнинг минтақада хизматни кенгайтириши рақамли инфратузилмани ривожлантиришда янги босқич бўлиши мумкин. Ўзбекистонда интернет тезлиги ва қамровини ошириш борасидаги ислоҳотлар билан уйғун ҳолда, Starlink келгусида маҳаллий рақобатни кучайтиради ва чекка ҳудудларда рақамли хизматлар сифатини сезиларли яхшилаши кутилмоқда.

SpaceX компаниясининг паст орбитал йўлдошлари тўри орқали ишловчи Starlink сервиси 13 августдан Қозоғистон аҳолиси учун расман йўлга қўйилди. Бу мамлакатнинг энг чекка ҳудудларида ҳам барқарор интернетга уланиш имконини бермоқда. Тарифлар икки турда таклиф этилмоқда: Residential Lite ойига 23 минг тенге (тахминан 43 доллар) бўлиб, паст устуворликка эга; Residential Standart эса 31 минг тенге (тахминан 57,5 доллар) ва чексиз кириш имкони билан юқори устуворликни таъминлайди.