Fox News хабарига кўра, давлат департаменти ҳам, давлат котиби Марко Рубио ҳам қарор ортидаги омилларга изоҳ бермади. Байнотда таъкидланишича, виза бериш жараёни тўлиқ қайта кўриб чиқилаётгани, ҳатто сўнгги кунларда берилган тиббий ва гуманитар мақсадли визалар ҳам текширувдан ўтаётгани маълум қилинди.
Трамп маъмурияти июн ойидан бошлаб виза олиш тартибини мураккаблаштирган эди. Янгича талабларга кўра, ҳар бир мурожаатчининг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти ҳам синчиклаб ўрганилади. Давлат департаменти ўшанда «ҳар бир виза — бу миллий хавфсизлик қарори» эканини ва АҚШ манфаатларига таҳдид солиши мумкин бўлган шахсларга мамлакатга кириш рухсат этилмаслигини билдирган.
Шу каби чекловлар Европада ҳам кузатилмоқда. Франция ташқи ишлар вазири Жан Ноэл Барро август бошида Ғазодан эвакуация жараёни тўхтатилганини маълум қилди. Бу қарорга мамлакатдаги фаластинлик талабалардан бири интернетда Адолф Гитлер суратини жойлаб, яҳудийларга қарши даъват тарқатган ҳолат сабаб бўлган. Кейинчалик талаба Нур Аттааллах Франциядан чиқиб, Қатарга кетгани ҳақида хабар берилди.
Reuters агентлигининг Фаластин марказий статистика бюроси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ғазо аҳолиси 2023 йил октябрда бошланган Исроил–HAMAS уруши ортидан 6 фоизга камайган. Бу кўрсаткичга тахминан 100 минг нафар Ғазодан қочган фаластинликлар ҳам киради.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ визаси учун 15 минг долларгача гаров пули жорий этилиши ҳақида хабар берган эдик. Бу қадам виза муддатини бузиш ҳолатлари юқори бўлган мамлакатларга нисбатан қўлланиши мумкин. Ўзбекистон айнан шундай давлатлар сирасига киради.