Марказий банк маълумотларига кўра, 2020 йилдан 2025 йил майига қадар биринчи навли ундан тайёрланган нон 77,6 фоизга, олий навли ундан тайёрланган нон 52,5 фоизга, обинон эса 62,4 фоизга қимматлашган. Шу даврда биринчи навли ун 56,9 фоизга, олий навли ун эса 73,5 фоизга ошган. Энг катта ўсиш 2022 йилда қайд этилган, кейинги йилларда эса нархлар барқарорлашишга яқинлашган.
- Хусусан: 2022 йилда
Биринчи навли ун 46 фоизга, нон эса 54,8 фоизга;
Олий навли ун 39,5 фоизга, нон эса 25,8 фоизга;
Обинон эса шу йилда 22,7 фоизга қимматлаган.
2021 йилнинг бошида биринчи навли ун 4 127 сўм бўлган бўлса, 2025 йил биринчи чорагига келиб 6 440 сўмга чиққан. Биринчи навли нон эса шу даврда 3 129 сўмдан 6 144 сўмга кўтарилган.
Марказий банк хулосасига кўра, нарх ошишининг асосий сабаби — ишлаб чиқариш харажатлари ўсиши. Ерга ишлов бериш, техника таъминоти, иш ҳақи ва логистика харажатлари кўпайгани бу жараённи кучайтирган.
«Сўнгги йилларда Ўзбекистон аҳолисининг ўсиш кўрсаткичи ўртача 2 фоизни ташкил этмоқда. Аҳоли сонининг ҳар 1 миллион кишига кўпайиши нон ва нон маҳсулотларига (буғдой унига) бўлган йиллик талабни ўрта ҳисобда 171 минг тоннагача ошириши мумкин. 2025-йил 1-апрел ҳолатига мамлакатда аҳоли сони 37,7 миллион кишига етган. Бошқа омиллар ўзгармаган ҳолатда кейинги 5 йилда буғдой унига бўлган йиллик талаб тахминан қўшимча 670 минг тоннага ошишини кутиш мумкин», дейилади тадқиқотда.
Талабнинг ўсиши импортга ҳам боғлиқ. 2021–2024 йилларда Ўзбекистоннинг деярли барча буғдой импорти (99 фоиздан зиёд) Қозоғистон ҳиссасига тўғри келган. Ун импортида ҳам шу мамлакат етакчи: 2021 йилда 98,4 фоиз, 2024 йилда эса 90,6 фоизни ташкил этган. Буғдой ва ун нархлари халқаро бозорда ўзгаргани ҳам ички бозорда нархларнинг ошишига туртки берган.
Ўзбекистонда нон нархининг ўсишига таъсир этувчи омиллар
Марказий банк таҳлилига кўра, сўнгги беш йилда ун ва нон маҳсулотлари таннархига таъсир этувчи асосий ресурслар — ёнилғи, электр энергияси, газ, совуқ сув ва транспорт хизматлари сезиларли даражада қимматлашган. Бу эса ишлаб чиқариш харажатлари орқали маҳсулот нархига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатмоқда.
Шунингдек, фермер ва кластерлар етиштирган буғдойнинг биржа савдолари орқали сотилиши нархларга таъсир қилаётгани таъкидланмоқда. Ҳокимликлар томонидан бу соҳада мажбурий талаблар қўйилмаслиги фермерлар даромадини ошириши билан бирга, нархларни эркинлаштириш сиёсати самарадорлигини кучайтириши қайд этилган.
Ўзбекистон буғдой импортининг асосий қисми Қозоғистон ҳиссасига тўғри келгани учун жаҳон бозоридаги нарх ўзгаришлари ички бозорга тез таъсир этмоқда. Мамлакат жаҳон буғдой нархларига юқори сезувчан ҳисобланади. Шу билан бирга, аҳоли даромадларининг ўсиши ва истеъмол одатлари нон маҳсулотларига бўлган талабни оширмоқда.
Экологик омиллар ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Сўнгги икки ўн йилликда ер шўрланиши 450 минг гектардан 750 минг гектаргача кенгайган. Қурғоқчилик, юқори ҳарорат ва самарасиз сув ресурслари бошқаруви туфайли буғдой ҳосилдорлиги пасайиб, фермерлар даромадлари камайган.
«Россия-Украина можароси, экспорт 17 квоталари, транзит тарифлари ва бошқа чоралар натижасида таъминот занжирида узилишлар юзага келиб, импорт қилувчи давлатларда, жумладан Ўзбекистонда, нархлар ошишига сабаб бўлиши мумкин», дея қайд этилган тадқиқотда.
Марказий банк жаҳонда нархлар барқарорлашганига қарамай, ички ресурслар самарадорлигини ошириш, агротехнологияларни ривожлантириш, суғориш тизимини янгилаш ва буғдой импорт географиясини диверсификация қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.