Тошкент туманида 45 минг аҳоли узлуксиз ичимлик суви билан таъминланди

12:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобига амалга оширилган йирик лойиҳа доирасида Тошкент туманида икки йирик сув тақсимлаш иншооти ишга туширилди.

Suv ochilish

Тошкент вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш йўлида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар самараси кўрина бошлади. Хусусан, Осиё тараққиёт банки (ОТБ) иштирокида амалга оширилаётган сув таъминотини ривожлантириш дастурининг дастлабки босқичи доирасида туманнинг «Олтинтепа» ва «Умарова» сув тақсимлаш иншоотлари фойдаланишга топширилди.

«Ўзсувтаъминот» АЖ хабарига кўра, лойиҳанинг бешинчи пакетида жами тўққизта сув тақсимлаш иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, 230 километрга яқин қувур тармоғини тортиш белгиланган эди. Ушбу ишлар орқали 33 та маҳалла фуқаролар йиғинида 123 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланиши кўзда тутилган.

Янги қурилган объектлар орасида «Олтинтепа»да иккита 3000 метр кублик сув сақлаш ҳовузи ҳамда 50 километрлик қувур тармоғи, «Умарова»да эса 3000 метр кублик ҳовуз ва 25 километрлик тармоқ барпо этилди. Туман аҳолисининг узоқ йиллар давомида энг катта муаммоси бўлиб келган ичимлик суви масаласи ана шу объектлар ёрдамида ҳал қилинмоқда.

Очилган иншоотлар орқали «Олтинтепа», «Шамсиобод», «Дийдор», «Кўҳинур», «Кўксарой», «Соҳибкор», «Нурҳаёт», «Заргар», «Мажнунтол», «Хиёбон» ва «Ободлик» маҳаллаларида яшовчи қарийб 45 минг аҳолига узлуксиз ичимлик суви етказиб берилади. Илгари бу ҳудудда сув фақат ҳафтасига икки кун, белгиланган соатларда бериларди.

Маросимда туман ҳокими Сардорбек Эргашев, «Тошкент вилояти сув таъминоти» АЖ раҳбарияти, қонунчилик ва маҳаллий кенгаш депутатлари, жамоатчилик фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Уларнинг таъкидлашича, ОТБ маблағлари ҳисобидан қурилган бу иншоотлар нафақат сув манбаи, балки аҳоли учун янги имконият ва фаровонлик рамзига айланади.